Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

"Туронбанк" АТБ томонидан Ҳаракатлар стратегиясини ўрганиш бўйича махсус семинари ташкил қилинди

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
24 Mar 2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзбек давлат бошқаруви тарихида янги босқични бошлаб берди. 

«Туронбанк» АТБ томонидан ташкил этилган масхус семинар «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармоннинг мазмун-моҳиятини банк ходимларига тушунтиришга бағишланди.

Мазкур Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Акмал Бурханов, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ходимлар билан ишлаш департаменти бошқарма бошлиғи Бобир Ирисов, шунингдек «Туронбанк» АТБнинг раҳбарияти ва ҳудудлардаги барча филиалларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Акмал Бурханов ўз маърузасида 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ҳамда назорат қилиш бўйича юклатилган вазифалар тўғрисида батафсил гапириб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси нафақат мамлакатимиз, балки халқаро ҳамжамият вакиллари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Фармонга мувофиқ, 2017-2021 йиллар давомида умумий қиймати 40 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурларини амалга ошириш режалаштирилган. Натижада келгуси 5 йилда саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш 1,5 бараварга, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошиши кутилмоқда.

Бўлиб ўтган тадбирда мутахассислар томонидан 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ҳар жиҳатдан ривожлантиришда амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳақида сўз юритилар экан, Ҳаракатлар стратегияси банк-молия соҳасида ҳам муҳим тадбирларни амалга оширишни назарда тутганлиги таъкидланди.

Хусусан, нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ва қамровини ошириш, шу жумладан, иқтисодиёт соҳаларида тўловларнинг замонавий электрон шаклларини жорий этиш ва тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш, халқаро молиявий институтлар пул маблағларини жалб қилиш орқали молиялаштириладиган инвестициявий лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқариш учун хом ашё ва материалларни сотиб олишда тадбиркорларга молиявий кўмак бериш мақсадида иқтисодиёт ҳамда кичик бизнес соҳаси субъектларини кредитлаш ҳажмини 1,2 баробар ошириб бориш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, эндиликда аҳолига муайян вақт давомида белгиланган лимит доирасида банк маблағлари ҳисобидан товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш имконини берувчи кредит карталарини муомалага киритиш, банк пластик карталари орқали жисмоний шахсларнинг депозит ҳисобрақамларини бошқариш имкониятини кенгайтириш ҳамда пластик картадаги маблағларни бошқа картага ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тарифларни камайтириш, пластик карталар бўйича ўзаро ҳисоб-китоб қилиш тизимида олинмаган товар ва фойдаланилмаган хизматлар учун тўловни қайтаришнинг тартиб-тамойиллари ҳамда технологияларини жорий этишга катта аҳамият қаратилади.

Семинар сўнггида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутахассислари томонидан 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни банк тизимида бажариш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганлиги ҳамда ундаги вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Марказий банк раҳбарлигида барча тижорат банклари томонидан босқичма-босқич чоралар кўрилаётганлиги айтиб ўтилди.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланишини таъминлаш учун бор имкониятларини сафарбар этиш барча тижорат банклари қатори «Туронбанк» АТБнинг ҳам асосий вазифаларидан бири бўлиб қолаверади. 

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 811
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech