Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Туронбанк» АТБда банк акциядорларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
26 May 2017

2017 йил 24 май куни “Туронбанк” АТБ акциядорларининг йиллик ҳисобот умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилиш кун тартибида банк фаолиятининг асосий йўналишларини акс эттирувчи 16та масала кўриб чиқилди.

Йиғилишда сўзга чиққан “Туронбанк” АТБ Бошқарув Раиси Ч.С.Мирзаев 2016 йилда банк фаолиятини ташкил этишда асосий эътибор умумий капитални ошириш ва ресурс базасини мустаҳкамлаш, активлар сифатини яхшилаш, банкнинг молиявий барқарорлиги ва ликвидлигини таъминлаш, жалб қилинган маблағларни биринчи навбатда иқтисодиётнинг реал секторларига йўналтириш каби устувор вазифаларга қаратилганлигини  таъкидлади.

Банк таркибий тузилмаларини кенгайтириш, уларнинг даромадлилигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, айниқса 18 та филиал, 23 та минибанк, 26 та халқаро пул ўтказмалари шаҳобчалари, 48 та жамғарма ва омонат кассалар фаолиятини янада яхшилаш эвазига ҳисобот йилида бир қатор ижобий натижаларга эришилгани айтиб ўтилди.

Қайд этиш лозимки, ўтган 2016 йил давомида барча соҳалар каби банк фаолиятида ҳам изчил ривожланиш динамикаси кузатилди.

Хусусан, 2016 йилда банк активлари 207,6 млрд. сўмга ошиб, 916,7 млрд. сўмни ташкил этди ва белгиланган режа кўрсаткичи 114,6 фоизга бажарилди, банкнинг умумий капитали йил бошига нисбатан 40,5 фоизга ошди.

“Замонавий менежмент” услубида ва аниқ белгиланган стратегия асосида олиб борилган, таваккалчиликни бошқариш сиёсати натижасида  2016 йил давомида банкнинг жами кредит қуйилмалари белгиланган бизнес режа кўрсаткичига нисбатан 103,3 фоизга бажарилди.

2016 йил учун ишлаб чиқилган банк кредит сиёсати талабларидан келиб чиқиб, банк кредит портфелини йил давомида ошириш бўйича амалга оширилган саъйи ҳаракатлар натижасида 2017 йил 1 январь ҳолатига банкнинг жами кредит қуйилмалари 511,3 млрд. сўмни ташкил қилди (бу кўрсаткич 2015 йил учун 435,4 млрд. сўмни ташкил қилган эди) ва 75,9 млрд. сўмга ошди.

Банк кредит портфелининг 450,7 млрд. сўми (кредит портфелининг 88,1%) узоқ муддатли, 60,6 млрд. сўми (кредит портфелининг 11,9%) қисқа муддатли,кредитлар қолдиғини ташкил қилади.

Хўжалик субъектларига ажратилган кредит қўйилмаларининг 111,8 млрд. сўми (22,0%) саноатга, 107,8 млрд. сўми (21,1%) савдо сохасига, 97,2 млрд. сўми (19%) жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар, 78,2 млрд. сўми (15,3%) қурилиш соҳасига, 42,3 млрд. сўми (8,3%) қишлоқ хўжалигига, 29,6 млрд. сўми (5,8%) транспорт ва коммуникация соҳасига, 15,5 млрд. сўми (3,0%) хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига ва 28,7 млрд. сўми (5,6%) иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига йўналтирилган. Энг асосийси кредитлаш фаолиятида рискларни диверсификация қилишга эришилди.

2016 йил давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадларига 308,4 млрд. сўм кредит ажратилди ва белгиланган прогноз 118,6 фоизга бажарилди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш – 67,1%).

Ўтган 2016 йилда «Туронбанк» АТБга «Standart&Poor’s» халқаро молиявий рейтинг компанияси томонидан В-/С барқарор ҳамда «Аҳбор Рейтинг» миллий банклараро рейтинг компанияси «Барқарор» рейтинг кўрсаткичи тақдим этди. Мазкур рейтинг агентликлари томонидан банк фаолиятининг даромадлилиги, активлар сифати ва ликвидлигининг юқорилиги, депозитлар ва капиталнинг етарли даражада барқарор ўсиши ривожланишнинг асосий омиллари бўлганлиги алоҳида таъкидланди.

Банкнинг 2016 йилги молиявий фаолияти  “Deloitte & Touche” халқаро аудиторлик компанияси томонидан молиявий ҳисоботлар халқаро стандартларига асосан аудит қилинди ва ташқи аудит томонидан ҳисобот йилидаги банк фаолияти бўйича ижобий хулоса берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ёки бошқа турдаги кўрсатмаларида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари (топшириқлари) билан ёки ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритилган лойиҳаларни изчил амалга ошириш, банк таркибий тузилмаларини кенгайтириш, даромадлилигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш банкнинг 2017 йилдаги устивор вазифалар сифатида белгилаб олинди.

Шунингдек, мазкур йиғилишда банкнинг 2017 йилда амалга оширилиши лозим бўлган бошқа вазифалари ҳам белгилаб олинди ва йиғилиш натижалари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 531
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech