Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Туронбанк» АТБда Банкларда ички назоратни ташкил этиш бўйича амалий семинар ташкил қилинди

10 Apr 2017

“Туронбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан “Банкларда ички назоратни ташкил этиш юзасидан миллий қонунчилик талаблари ҳамда ҳалқаро стандартлар” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Пойтахтимизда жойлашган «Ramada» меҳмонхонасида ташкил этилган мазкур семинарда «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаментининг вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки масъул ходими тижорат банкларида ички назорат тизими фаолиятида ҳалқаро стандартларни қўллаш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун хужжатлари талабларига мувофиқ мижозларни лозим даражада текшириш, гумонли ва (ёки) шубҳали операцияларни самарали аниқлаш,  маълумот ва ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда сақланишини таъминлаш масалаларига батафсил тўхталиб ўтиб, бу борада қонунчиликда юз берган ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида ахборот берди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаментининг масъул ходимлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2016 йил 11 октябрда 2833-сон билан рўйхатга олинган “Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини  тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисида” Низомнинг тижорат банкларига тегишли бандларига алоҳида тўхталиб, улар юзасидан ўзларининг шарҳларини бериб ўтдилар.

Жумладан, террорчилик фаолиятида ёки оммавий кирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг Рўйхати, уни тузиш тартиби ва унга шахсларни киритиш ёки ундан чиқариш асослари, Рўйхатни тижорат банкларига етказиш, Рўйхатга киритилган шахсларни идентификация қилиш, Рўйхатга киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, операцияларни тиклаш, мол-мулкдан фойдаланишга рухсат бериш ва бошқа масалалар тушунтириб ўтилди.

Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бу каби амалий семинарлар банк ходимларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги билимлари ортишида ҳамда уларнинг бу борадаги фаолиятларида  камчилик ва хатоликлар келиб чиқишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. 

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 10
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech