Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Туронбанк» АТБда фармон ижроси юзасидан навбатдаги семинар

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
21 Sep 2017

“Туронбанк” акциядорлик тижорат банки Ўзбекистон Республикаси кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, уларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш мақсадида молия муассасаси томонидан турли мавзуларда давра суҳбатлари, семинар тренинглар ўтказилиб келиняпти.

 Куни-кеча банк томонидан «Tashkent Radisson blu Hotel» меҳмонхонасида юртбошимизнинг жорий йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармоннинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутахассислари, «Туронбанк» АТБ раҳбарияти ва масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Валютани тартибга солиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рашид Мирзоҳидов сўзга чиқиб, йиғилганларга фармоннинг мазмуни ҳақида маъруза қилар экан, унда товар (иш ва хизмат)лар экспортидан келиб тушган валюта тушумларини мажбурий сотиш бутунлай бекор қилинганлиги, энди бозор тамойиллари асосида миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан айирбошлаш курси фақат валюта биржасининг банклараро электрон савдоларда валютага бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланиши механизми ҳам кенг ёритилгани ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Фармонга мувофиқ, эндиликда миллий валютанинг чет эл валюталарига нисбатан юридик шахслар учун ҳам, жисмоний шахслар учун ҳам бир хил «эркин сузиш» курсида ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилиши белгиланган бўлиб, резидентлар ва норезидентлар учун тижорат банкларида ташкил этилган валюта айирбошлаш шохобчаларида нақд чет эл валюталарини топшириш имконияти яратилди. Қолаверса, конверсион бўлимлардан чел эл валютасини эркин сотиб олиш, уларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш мумкин.

Анжуман давомида «Ту ронбанк» АТБ Пул муомаласи департаменти директори Равшанбек Умаров ҳамда Валюта амалиётлари махсус бошқармаси бошлиғи Р.Ҳайдаров маъруза қилар экан, нақд пул масалалари, банк филиалларида ташкил этилган Конверсия амалиётлари бўлими ва валюта айирбошлаш шохобчалари фаолиятида амалга ошириладиган операциялар ҳамда ҳисоботлар тузилиши қоидаларига риоя қилиниши хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди.

Ўқув-семинарида валюта амалиёти мутахассислари  мамлакатда амалга оширилаётган валюта бозорини янада либераллаштириш соҳасидаги давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари ҳамда валюта амалиётларига киритилган барча ўзгаришлар, уларни қўллаш тамойиллари билан барчани таништиришди, йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Анжуман якунида валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш, иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш борасидаги муҳим вазифалар ҳам белгилаб олинди.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 441
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech