Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Туронбанк билан яратилган миллий бренд!

Янгиланган сана:  16 Сентябр 2020, 19:04
16 Sep 2020

Туронбанк билан яратилган миллий бренд - "Yaks"

Озиқ-овқат маҳсулотларидан кейин бозорда энг харидоргир нарсалар – совун, гель, шампунь ва турли хилдаги кир ювиш воситалари ҳисобланади. Бир ўйлаб кўринг, либосларини тозалаш учун бош қотирган аждодларимиз бугунги ювиш воситаларининг ранго-ранглигини кўриб, нималар деган бўларди? Албатта, “ҳайрат бармоғини” тишлар эди. Ахир, оддий совун яратилгандан кейин хўжалик совунлари пайдо бўлди. Босқичма-босқич уларнинг турлари кўпайди, сўнгра кир ювиш кукунлари. Бироқ, буларнинг ривожланиш босқичи жуда узоқ эмаслиги, тараққиётнинг нечоғлик шиддатли кечаётганига ҳам гувоҳлик беради, назаримда. Яқинларда бувиларимиз либосларини тоза ва оҳорли бўлиши учун ишлатиладиган кулни қайси ёғочдан тайёрлаш маъқуллиги ҳақида бош қотирган бўлса, бугунги авлод ўзига ёққан ҳид анқийдиган кир ювиш кукунларини саралаш билан овора. Шу жараёнда сифатли ва ҳамёнбоп турли хил тозалаш воситаларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.

Бир вақтлар хорижда кенг тарқалган ёқимли ифор таралувчи кир ювиш кукунлари ҳақидаги миш-мишларни ҳавас билан тинглаган бўлсак, энди улар ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Бунда эса мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, рақобатни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Йирик супермаркет ва дўконларимиз савдо расталарида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси босилган кир ювиш кукунларига кенгроқ жой ажратилмоқда. Зеро, импорт ўрнини босадиган, рақобатбардош кир ювиш воситалари ҳажми йилдан - йилга ошиб боряпти. Бир дўконда 30 га яқин турдаги атир совуни, кир ювиш кукуни, қоғоз ва косметика салфеткалари, идиш-товоқ, ойна, пол ювиш воситаларини учратиш бунинг ёрқин исботидир. Бу эса одамларимиз ўз саломатлигини назорат қилиши ва уйини саранжом-саришта тутиши учун ҳамма нарса муҳайё эканлигидан далолат беради.

Саноатнинг айни шу йўналишида муваффақиятли фаолият олиб бораётган йирик маҳаллий компанияларимиз қаторига “Yaks Quality” масъулияти чекланган жамиятини келтиришимиз мумкин. Ювиш воситалари-порошок, совун, гель каби сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни тайёрлашган ихтисослашган корхона бир неча йилдан буён “Туронбанк” АТБ билан узвий ҳамкорлик қилиб, ўзининг ғоя ва ташаббусларини банкнинг молиявий кўмаги орқали амалга оширмоқда. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, бугун “Yaks”, “Zeleoniy Chay” каби товарлар нафақат маҳаллий ва қўшни давлатлар бозорларидаги пештахталардан ҳам мустаҳкам ўрин эгалламоқда. 

ula_5792.jpg

Маҳсулотларга бўлган талаб ортгани ҳисобидан ушбу корхона қошида иккита масъулияти чекланган жамияти ҳам ташкил этилган. Улардан бири «GENESIS BUILD» бўлиб, унда 100 ортиқ иш ўрни яратилган. Банк кредити эвазига иш бошлаган мазкур корхонада кунига 10 тоннагача маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида харидорларга 5 миллиард сўмликдан кўпроқ миқдордаги маҳсулот етказиб берилди. Яна бир муҳим жиҳати, бундай воситаларни тайёрлаш учун зарур бўладиган олти турдаги хом ашёнинг асосий қисми маҳаллийлаштирилди. Навбатдагиси эса «YAKS FUTURE PRODUCT» МЧЖ. У ерда ҳам кир ювиш кукуни, совун, гель, шампунь ва бошқа шу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса талаб ва таклифни бир мувозанатда ушлаб қолиш, импорт ўрнини қисқартириб, экспорт салоҳиятини ошириш учун хизмат қилмоқда.

555364e7363cb510e845a303d5448868.jpg

“Бугунги замонавий техника асри инсонлар ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилувчи янги ишланмаларни тақдим этиш баробарида, уларнинг турмиш тарзлари ва умр кечириш даражаларини ҳам бир мунча ўзгартириб юбормоқда. Яъни, ҳозирги урбанизация шароитида кенг жамоатчилик имкон қадар соғлом муҳитни яратиш, тўла ва сифатли овқатланиш, энг асосийси, гигиеник қоидаларга амал қилишга ҳаракат қиляпти. Турган гапки, бунинг натижасида сифатли ва ҳамёнбоп турли хил тозалаш воситалари ҳамда санитария-гигиена буюмларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда биз ҳам ўзимизнинг миллий брендни яратишга интилдик ва қайсидир маънода мақсадимизга эришдик деб ўйлайман. Энди эса маҳсулотларимиз турини кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Мана масалан, бутун дунёда сув танқислиги кузатилаётган айни вақтда уни тежаш борасидаги изланишларни олиб бориб, янги “Puffix” кўпикли совунларини ишлаб чиқаришни бошладик. Унинг афзаллиги шундаки, у оддий суюлтирилган совунга нисбатан сувнинг сарфини икки баробарга қисқартиради, аллергик реакцияларни келтириб чиқармайди, оддий совун 160-марта фойдаланишга етса, шундай ҳажмдаги кўпикли “Puffix” совунидан 530 маротаба фойдаланиш мумкин. Асосий мақсадимиз, чет элникидан қолишмайдиган маҳсулотлар ассортиментини кўпайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва бу орқали импортни қисқартиришдир,”деди “Yaks Quality” МЧЖ раҳбари Хуршид Садриддинов.

Бир сўз билан айтганда, биргина корхонанинг қўллаб-қувватлаш ортидан юзлаб иш ўрни яратилиб, оилаларнинг манфаатдорлиги ошмоқда. Бозорларимиз ўзимизда ишлаб чиқарилган, сифатли, ишончли ва нисбатан арзон маҳаллий кир ювиш воситалари билан тўлиб бормоқда. Айниқса, аёлларимизнинг кундалик ташвишлари енгиллашмоқда. Ахир, исталган газламалардаги турли кирларни, ҳатто соус, кофе, чой, мевалар ва ёғ доғларини тез кетказишга хизмат қилувчи бу кукунлар хотин-қизлар вақтини тежа, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши ҳамда фарзандлар тарбиясига кўпроқ вақт ажратишига имконият яратмоқда. Юртимизда тадбиркорликни жадал ривожлантириш ва қулай рақобатдош муҳитни яратиш борасида амалга оширилаётган изчил изланишлар самарасида халқимиз фаровонлиги, турмуш маданияти юксалмоқда.

/ Манба: Матбуот хизмати / Кўришлар: 88
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech