Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Туронбанк кўмаги билан Наманганда “Uztex Norin” корхонаси иш бошлади

Янгиланган сана:  7 Январ 2020, 19:36
6 Jan 2020

Бугунги кунда мамлакатимизда янги саноат корхоналарини ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш орқали маҳсулотларнинг сифат даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу каби ўзгаришлар тез суръатлар билан ўсиб бораётган тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғида яққол намоён бўляпти. Хусусан, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниб, тизимда илғор “кластер модели” жорий этилмоқда, ҳудудларда стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар амалга ошириляпти.

photo_2020-01-07_12-14-10.jpg

Сўзимизнинг исботи сифатида, ўнта ишлаб чиқариш заводини ўз ичида жамлаган, пахта етиштиришдан то тайёр кийимгача бўлган жараённи бир бренд остида бирлаштирган “Uztex Group” компаниясини келтиришимиз мумкин. Айни пайт 10 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган ушбу тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг етакчи корхонасида ип, мато, кийим-кечаклар, момиқ сочиқлар, пайпоқлар тайёрланмоқда. Уларнинг 95 фоизи эса Италия, Германия, Англия, Франция каби дунёнинг 45 давлатига экспорт қилиняпти.

photo_2020-01-07_12-14-14.jpg

“Туронбанк” АТБнинг молиявий кўмаги эвазига мазкур тармоқ корхоналарининг сони яна биттага кўпайди. Айниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Наманган вилояти Норин туманида унинг навбатдаги филиали ўз ишини бошлади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу ҳудудга амалга оширган ташрифлари чоғида берилган вазифа ўз вақтида ва сифатли бажарилди. 5 гектарлик майдонда эркаклар, аёллар ва болалар учун тикув – трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий текстил мажмуаси қад рослади.

photo_2020-01-07_12-14-13.jpg

Тикув фабрикасига Хитой ва Туркия давлатларининг айни йўналишдаги нуфузли компанияларидан энг сўнгги русумдаги технологиялар олиб келинди. Бунинг натижаси ўлароқ, йилига 2,5 млн. дона импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлаш қувватига эришилиб, 500 нафар коллеж битирувчилари ҳамда ишсиз аёлларнинг бандилиги таъминланди. Шунингдек, ходимларнинг фарзандлари учун замонавий типдаги 160 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳам қуриб фойдаланишга топширилди.

photo_2020-01-07_12-14-17.jpg

Бизнинг корхонамиз аввалги “Норин текс” акциядорлик жамияти ўрнида қайтадан бунёд этилди. Унинг мустаҳкам, шинам ва қулай қилиб бунёд этилиши ва янги тикув машиналарининг келтирилишида “Туронбанк” АТБнинг ҳиссаси жуда катта бўлди. Бунинг эвазига тумандаги аҳолининг бандлиги таъминланди. Айтишим керак, корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тўғридан - тўғри МДҲ ва Европа мамлакатларига етказиб берилади. Хусусан, йилига 3,0 млн. долларлик экспорт амалиёти бажарилиши режалаштирилмоқда, деди “Uztex Norin” корхонаси раҳбари Зокиржон Ҳамдамов.

photo_2020-01-07_12-14-10.jpg

Президентимиз таъбири билан айтганда, бу каби янги қувватларнинг ишга тушиши энг аввало иқтисодий ўсишнинг бир белгисидир. Унинг замирида аҳоли фаровонлиги, минглаб инсонларнинг бандлиги, ҳудудларнинг ривожланиши ётади. “Туронбанк” АТБ эса бу жиҳатларни инобатга олган ҳолда шу каби ташаббускорларни қўллаб – қувватлашга доимо тайёр. Зеро, бугун кичик бир лойиҳага берилган кўмак, эртага халқ розилиги учун хизмат қилади. 

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 293
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech