Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Туронбанк кўмаги билан Ўзбекистонда ноёб ланолин моддаси ишлаб чиқарилади

Янгиланган сана:  20 Январ 2020, 09:03
20 Jan 2020

Бугунги кунда аҳоли саломатлигини асраш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида фармацевтика саноати жадал ривожланиб, ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситаларининг тури ва сифати тобора ортиб бормоқда. Аммо, дорихоналарда сотилаётган антибиотик ва препаратлар ҳар доим ҳам ҳамёнимизга тўғри келавермаяпти. Кўплаб дорилар чет элдан келтирилиши туфайли нархлари бир мунча қимматлигича қолмоқда.

Мана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, халқимизнинг маҳаллий доривор ўсимликлар асосида яратилган арзон, самарали таъсир кўрсатувчи дори воситаларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида давлатимиз раҳбари “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади ва тармоқни ривожлантиришнинг янги стратегияси белгиланди. Хусусан, ҳужжатга мувофиқ, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг энг ишончли ва самарали йўли сифатида диёримизда етиштирилган табиий тоза, доривор ўсимликлар ва қўй жунини қайт ишлаган ҳолда юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш вазифаси белгиланди.

00000019292-filename-00001-tape.jpg

Мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлган ва инсонлар фаровонлигини таъминлашга қаратилган шу каби тармоқларни тараққий эттиришда “Туронбанк” АТБ ҳам фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019 — 2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, молия муассасаси инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун ташаббускорларга ўзининг сифатли хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Аввалари Россия ва узоқ Ғарб давлатларидан импорт қилинган, фармацевтика саноати учун ноёб хомашё ҳисобланган ланолин субстансиясини ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган “Бойсун Лано” МЧЖ сўзимиз исботи бўлиши мумкин. “Туронбанк” АТБнинг 1,1 млн. долларлик молиявий кўмаги эвазига корхона саноқли давлатлардагина тайёрланадиган, қoй жунидан инсон учун фойдали модда олишни бошлаш ниятида.

lanolin.jpg

Маълумки, қўй териси остидаги безлар нафақат ёғ, балки ёғсимон модда – ланолин ҳам ишлаб чиқаради. Тери устига чиққан ёғ орқали ушбу модда қўй жунига ёпишади. Махсус технология ёрдамида ювилган жундан ланолин ажратиб олиниб, ҳидини кетказиш учун қайта ишлов берилади. Мутахассисларнинг фикрича, ланолин инсон терисига тез шимилиш хусусияти билан фармацевтика ва парфюмерия саноати учун зарур хомашё ҳисобланади. Шу боис ундан фармацевтикада шамча ва суртмалар тайёрлашда бириктирувчи модда сифатида кенг ишлатилади.

lanolin (1).jpg

Биз ишлаб чиқариш заводимизни “Бойсун Фарм” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этдик. Асосий мақсадимиз импорт ўрнини босувчи хомашёлар тайёрлаш ва у орқали миллий фармацевтика тармоғининг ривожланишига ҳисса қўшишдир. Бунда бизга “Туронбанк” АТБнинг ишончи ва кўмаги жуда катта мадад бўлди. Лойиҳамиз халқ фаровонлиги билан боғлиқ бўлганлиги учун масълият билан ёндашиб, молия муассасасига суяндик. Тақдим этилган кредит эвазига Хитой давлатининг қўй жунидан ланолин моддасини ажратиб олувчи юқори қувватга эга ускунасини олиб келдик. Хозирда асбоб-ускуналар тўлиқ жойлаштириш ва монтаж ишлари бажарилди. 2020 – йилнинг иккинчи чорагида заводимиз тўлиқ ишга тушиши режалаштирилмоқда, деди “Бойсун Лано” МЧЖ раҳбари Отабек Имомов.

Яна шуни қўшимча қилиш керакки, 2 гектарлик ишлаб чиқариш майдонида йилига 10 тонна мана шундай ноёб ланолин моддаси тайёрланиши ва 15 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳанинг кейинги босқичларида қўй жунининг ўзини қайта ишлаган ҳолда экспорт қилиш ҳам мўлжалланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайт мамлакатимизда фармацевтикага ихтисослашган 8 та эркин иқтисодий зона мавжуд бўлиб, уларда қиймати 84 миллион долларлик 18 та янги қувват ишга туширилиб, 600 турдаги дорилар ва 50 дан ортиқ тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бундай тез суръатда ўсиб бораётган бозор шароитида эса “Туронбанк” АТБ тадбиркорларнинг ишончли ҳамкорига айланмоқда.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 88
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech