Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Туронбанк кўмагида бройлер жўжалар Голландия технологиялари асосида етиштирилмоқда

24 Dec 2019

Жаҳон соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг таҳлилларига кўра, инсон соғлом бўлиши учун мунтазам равишда парранда гўшти ва тухум истеъмол қилиши керак экан. Сабаби, тез ҳазм бўлувчи ушбу маҳсулотлар кимёвий унсурларга бой бўлиб, таркиби оқсил, ёғ сингари фойдали моддалар билан тўйингандир. Шунингдек, у пархезбоп эканлиги билан ҳам тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилувчи одамлар таомномасида асосий ўринларни эгаллайди.

photo_2019-09-26_18-53-40.jpg

Хусусан, паррандалар орасида тез етиладиган гўштлар сирасига кирувчи бройлер жўжасининг ўрни аҳамиятли. Шунинг учун ҳам у нафақат шифобахш балки мўмайгина даромад келтирувчи табиат инъомидир. Мамлакатимизда мазкур тармоқни янада ривожлантириш, саноатнинг шу тури билан шуғулланиш истагида бўлган ташаббускорларни қўллаб – қувватлаш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 ноябр санасидаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса мазкур йўналишда ишларни тизимли ташкил этишга ҳуқуқий асос бўлди. У билан тижорат банкларига истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш вазифаси юклатилди.

photo_2019-12-14_10-40-12.jpg

Халқ ишончи ва эътироф билан қарийб ўттиз йилдан буён фаолият олиб бораётган “Туронбанк” АТБ ушбу ташаббусларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга ошишида ҳаракатдан тинмаяпти. Бунга мисол сифатида, жорий йилнинг сентябр ойида, Наманган вилоятининг Янгикўрғон туманида фаолият бошлаган "Исковот эко парранда" МЧЖни келтиришимиз мумкин. 5 гектар ҳудудни эгаллаган корхона бозорларимиз тўкинлиги, озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллигини яхшилаш йўлида, аҳолига сифатли ва тўйимли бройлер жўжаларини етказиб беришни мақсад қилган.

photo_2019-12-14_10-40-21.jpg

Айни пайт ушбу замонавий парранда фабрикасида 2 та катта мажмуа ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 12,5 минг бошдан 45 кунгача бўлган жўжалар боқилмоқда. Корхона раҳбарининг сўзларига кўра, паррандалар парвариши учун муносиб шароит яратиш учун Голландиянинг “VDL” компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, “Туронбанк” АТБнинг 154 минг долларлик молиявий кўмаги эвазига энг сўнгги русумдаги ускуналар харид қилинган. Ҳозирда улар орқали ҳаво ҳарорати ва намлиги мақбул меъёрда сақланиб, сув ва озуқа билан автоматик таъминланмоқда. Натижада, йилига 150 минг бош экология ва санитария талабларига жавоб берувчи товуқлар боқилмоқда.

Мажмуамизда паррандаларни сақлаш ва озиқлантириш учун ҳам барча шароитлар яратилган. Жумладан, уларнинг рационидаги ем-хашаклар, витамин ва минералларнинг табиий манбалари билан махсус тайёрланган ҳамда биологик ҳимоя қилишнинг ишончли тизими яратилган. “Туронбанк” АТБ кўмагида мана шундай даражага чиқиб, иш жараёнимизни жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқдик. Ҳозирда гўшт маҳсулотларимиз Республикамизнинг барча ҳудудларига етказиб берилмоқда. Ҳудудимизнинг умумий майдони 5 гектар бўлса, биз ҳозир унинг деярли яримида 2 та парранда мажмуасини қуриб битказди. Келгусида молия муассасаси кредитлари билан уларнинг сонини 5 тага етказиб, маҳсулот тайёрлаш ҳажмини ошириш ниятидамиз, деди "Исковот эко парранда" МЧЖ раҳбари Солим Азимов.

photo_2019-12-14_10-40-19.jpg

Бир сўз билан айтганда, жаҳонда гўшт маҳсулотлари орасида етиштириш ва истеъмоли бўйича парранда гўшти иккинчи ўринда турганини инобатга олсак, бу тармоқнинг ривожи мамлакатимиз иқтисодиёти учун жуда муҳимдир. “Туронбанк” АТБнинг бу борадаги саъй – ҳаракатлари эса ушбу йўналишда фаол тадбиркорлик муҳитини яратмоқда.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 72
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech