Пойтахтимиздаги «Ramada» меҳмонхонасида «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан “Ватан эркинлиги учун ўз жонини қурбон қилганлар хотираси ҳамиша барҳаёт”, «Банкда ижро интизомига амал қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билаш ишлаш тизими ҳамда филиал ва мини-банкларда жорий ва капитал таъмирлашни амалга ошириш» мавзуларида амалий семинар ўтказилди.
Унда 1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва фронт ортида жонбозлик кўрсатган меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Республика товар-хомашё биржаси вакиллари, «Туронбанк» АТБ раҳбар ходимлари ва мутахассислари, филиалларда ишонч телефони ва ресепшнга бириктирилган ходимлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ғуломов Мавлуд Ғуломович ва фронт ортида жонбозлик кўрсатган меҳнат фахрийси Мўминов Фатхулла Мўминовичлар уруш даврида халқимиз бошидан кечирган қийинчиликлар, жудоликлар ва ушбу даврда ўзбек халқи томонидан кўрсатилган қахрамонликлар тўғрисида йиғилганларга сўзлаб бердилар. Шунингдек, фахрийлар семинар иштирокчиларини бугунги кундаги фаровон ҳаётимизга шукроналик ҳисси билан яшаш, яратилган шарт-шароитларга, имтиёзларга монанд равишда мамлакатимиз ривожи ҳамда халқ манфаатлари йўлида тинмай меҳнат қилиш, билим-кўникмаларини ошириш ва провард натижада ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиш каби муқаддас туйғу билан яшаш учун шижоатлантирдилар.
Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки масъул ходими Президентимизнинг йил якунлари бўйича маърузаларида таъкидлаган танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарнинг кундалик қоидаси бўлиб қолиши кераклигига алоҳида эътибор қаратиб ўтди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сонли қарори ижроси доирасида белгиланган давлат бошқарув органлари ва вазирликларга ижро интизомини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, амалий семинарда Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди. Банкларда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этиш ҳамда аҳамият қаратилиши зарур бўлган бошқа жиҳатлар хусусида сўз юритилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Сирасини айтганда, бу каби амалий семинарлар мамлакатимиз фаҳри бўлган қарияларни қадрлаш, улар томонидан босиб ўтилган оғир, шу билан бирга мардонавор ҳаёт йўлларидан ибратланиш, банкда ижро интизомини янада кучайтиришда раҳбарлардан тортиб, оддий ходимнинг шахсий масъулиятини ҳам белгилаб беришда, мутахассисларнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш соҳасидаги билимлари ортишида ҳамда уларнинг бу борадаги фаолиятларида камчилик ва хатоликлар келиб чиқишининг олди олинишида муҳим аҳамият касб этади.