Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ТУРОНБАНК ХОРИЖИЙ ЛИНИЯЛАР ОРҚАЛИ ЛОЙИҲАЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШДА ФАОЛ

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
24 Sep 2018

Юрт равнақи, турмуш фаровонлиги йўлидатижорат банкларининг ўз ўрни бор. Улар томонидан бунёдкорлик, тадбиркорлик, ҳунармандчилик каби кўплаб йўналишларнинг молиялаштирилиши шаҳару қишлоқларимиз кўркига-кўрк қўшиб, юртимиз ривожига хизмат қилмоқда. "Туронбанк" акциядорлик тижорат банки ҳам ана шу эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган тижорат банклардан саналади.

Бугун “Туронбанк” АТБ тижорат банклари ичида доимий равишда ривожланиб, барқарор молия муассасаси сифатида мустаҳкамланиб, ўз ўрни ва салоҳиятига эга бўлиб бормоқда. Бу ютуқлар замирида банк тизимидаги ишларнинг тўғри йўлга қўйилгани ва малакали кадрларнинг жамлангани ўз самарасини бермоқда. Қолаверса, банк иқтисодиётимизнинг асосий тармоқларини молиялаштиришда, янги банк технологияларини жорий этиш ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этиб келмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда банкнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйгани, унинг юртимиз ривожи йўлида муносиб ҳисса қўшишига замин бўлаётир.

Жумладан, банк жамоаси «Осиё тараққиёт банки»нинг республикамиз мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қийматни яратиш занжирини ривожлантириш, «Халқаро Тараққиёт ассоциацияси»нинг чорвачилик соҳасини ривожлантириш ҳамда Халқаро Тараққиёт ва тикланиш банкининг боғдорчилик секторини ривожлантириш каби қатор инвестицион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатмоқда. Шунингдек, «Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси» (ITFC) билан мустаҳкам алоқаларнинг ўрнатилгани ўз самарасини бериб келмоқда.

Шу билан бирга “Туронбанк” Хитойнинг “Экспорт-импорт банк” билан ҳам ана шундай муҳим лойиҳалар устида ишламоқда. Бу – республикамиз гидроэлектростанцияларни қуриш ва модернизация қилиш дастуридир. Мазкур дастурни амалга оширишда банклар ўртасида «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги тўртта гидроэлектростанцияни модернизациялаш бўйича лойиҳаларини молиялаштириш учун умумий миқдори 85,8 млн. АҚШ долларига тенг, узоқ муддатли келишув имзоланган бўлиб, ҳозирда “Туронбанк” АТБ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларида жойлашган гидроэлектростанцияларни қуриш ва модернизациялаш бўйича умумий миқдори 42,7 млн. АҚШ долларига тенг янги лойиҳалар тайёрланмоқда.

Шунингдек, “Туронбанк” АТБ “Азия-Инвест Банк”АЖ (Россия) билан биргаликда Халқаро савдо операциялари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишда мижозларнинг импорт шартномаларини аккредетив тўлов орқали молиялаштириш мақсадида 4,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағни жалб этди.

Бу ишларнинг узвий давоми сифатида Туронбанк яқинда йирик халқаро молия ташкилотлари билан ҳам келишувга эришди. 18 сентябрь куни пойхатимизда Ислом тараққиёт банки кунлари доирасида бир қатор банклар қаторида Туронбанк раҳбарияти ҳам муҳим меморандум имзолади. Бу ҳақда “Туронбанк”АТБ Ташқи-иқтисодий фаолият департаменти директори Акмал Муродов қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Шу кунгача банкимиз Россия, Хитой банклари билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келаётган бўлса, сўнгги йилларда Европа ва Осиёнинг етакчи банк ва молия муассасалари билан ҳам мустаҳкам алоқаларни ўрнатмоқда. Бу, ўз навбатида, банк салоҳиятини оширишга, мижозлар сони ортишига хизмат қилмоқда. Мазкур анжуман ҳам ана шундай самарали ишларимизнинг давомли бўлишига замин яратди. Банкимиз “Ислом тараққиёт банки кунлари конференцияси”да ИТБ гуруҳига кирувчи халқаро корпорациялар билан кредит линиялар очилиши тўғрисида келишувларга эришди. Жумладан, “Хусусий Секторни ривожлантириш Ислом корпорацияси” (ICD) билан 10 млн. АҚШ долларига тенг линия ажратиш бўйича меморандум ва “Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси” (ITFC) билан 5,0 млн. АҚШ долларига тенг дастлабки келишув имзоланди. Мазкур линия маблағлари республикада тадбиркорликни янада ривожлантиришга мўлжалланган бўлиб, бошқа линия маблағларидан фарқли равишда тадбиркорларимиз учун ислом анъаналарига тўлиқ мос келувчи амалиётлар сирасига киради.

Албатта, банкнинг бу янгилиги банк даромадлари ўсишига хизмат қилибгина қолмай, балки мижозлар сонининг ортишига, энг асосийси, халқимиз розилигига хизмат қилади.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 713
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech