Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Туронбанк кўмагида тайёр маҳсулотлар тури 40 дан ошди!

Янгиланган сана:  14 Июл 2020, 09:46
12 Jul 2020

Қурилиш саноати иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш борасида катта имкониятларга эга соҳалардан бири ҳисобланади. Боиси, у кўплаб саноат тармоқлари учун талаб яратади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ҳисоб-китобларига кўра, қурилиш соҳасининг иқтисодиёт учун мултипликатор эффекти 1,8га тенг. Яъни, қурилиш соҳасига киритилган 1 бирлик инвестиция ялпи ишлаб чиқариш ҳажмининг 1,8га кўпайтиради. Шунингдек, бу соҳада 1,3 млн нафар аҳоли иш билан банд. Иқтисодий фаолликнинг пасайиши қурилиш ишларини камайтириши, бу эса, ўз навбатида, қурилиш материалларига бўлган талабни пасайишига ва ишсизлик миқдорини кўпайишига олиб келади. Карантин даврида қурилиш ҳажмлари камайишига йўл қўймаслик ва соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан қурилиш соҳасига қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди.

photo_2020-06-18_14-48-38.jpg

Президентимиз қурилиш соҳасидаги ишларни янада кучайтириш борасида аниқ ечим ва йўналишлар кўрсатиб берди. Мазкур чора-тадбирлар қурилиш саноатининг учта энг йирик тармоқлари – қурилиш ишлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқиш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси қурилишини қамраб олади. Маълумотларга кўра, жорий йилда 86 триллион сўмлик ёки ўтган йилга нисбатан 10 фоизга кўп қурилиш ишлари бажарилиши мўлжалланган. Албатта, қурилиш ишлари кўпайиши қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам оширишни тақозо этади. Бу эса мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарига янги вазифалар ва талаблар қўйиши аниқ. Энг аввало, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми оширилади. Энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги лойиҳалар қўллаб-қувватланади. Ана шундай лойиҳаларни иқтисодий қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этаётган банклар қаторида “Туронбанк”нинг ҳам ўз ўрни, муносиб ҳиссаси бор. Банкдан кўмак олиб, фаолиятини кенгайтирган корхоналар орасида Тошкент шаҳридаги "ALINA -COLOR-GROUP" корхонаси ҳам қатор ютуқларга эришмоқда.

photo_2020-06-18_14-52-03.jpg

-Карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилгани, қурилиш корхоналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг объектларга бориши учун тўсиқсиз ҳаракатланишига шароит яратилган боис бозор юришиб қолди, дейди "ALINA -COLOR-GROUP" корхонаси раҳбари Ёқубжон Шоммиев.- Шу кунларда қурилиш фирмаларидан йирик буюртмалар олиб, қувватларимизни қайта тикламоқдамиз. Мазкур корхонага “Туронбанк”нинг 1,8 млрд. сўмлик кредити уч ойлик имтиёз билан бир йилга берилган. Уй-жой, бинолар қурилиши учун зарур бўлган барча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада энг харидоргир бўлган 40 турдан ортиқ маҳсулотлар истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

photo_2020-06-18_14-51-22.jpg

Маҳсулотлар республикамизнинг барча ҳудудларига етказиб берилмоқда. Мисол учун, корхона ойига 30 тонна турли буёқлар, 40-50 тонна атрофида қуруқ қурилиш қоришмали аралашма, 70-80 тонна эмульсия маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Яқиндан эса деворларни декоратив безашда кенг қўлланилаётган краверсин маҳсулотини тайёрлаш ҳам ўзлаштирилди. Таъкидлаш жоизки, "ALINA -COLOR-GROUP" маҳсулотларининг сифат даражаси қурувчи ташкилотлар, мутахассислар ва оддий истеъмолчилар томонидан доимий равишда юқори баҳоланиб, эътироф этиб келинмоқда. Бир сўз билан айтганда, “Туронбанк” АТБ томонидан иқтисодиёт тармоқларига йўналтирилаётган мақсадли сармоялар ҳамда кичик бизнес вакилларига ажратилаётган кредит маблағлари аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 559
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech