Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Туронбанк кредити билан Гулистонда катта лимонария қад рослади

Янгиланган сана:  13 Январ 2020, 10:39
13 Jan 2020

Маълумки, мамлакатимиз барча соҳалар қатори мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришда улкан имкониятларга эга. Аҳоли фаровонлигини доимо ошириб боришда халқимиз турмуш тарзига энг яқин ва тез натижа берадиган йўналиш қишлоқ хўжалиги эканлигини инобатга олсак, юқори даромадли интенсив ишлаб чиқаришни ташкил этиш бу борада энг муҳим вазифалардан биридир. Мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, унга яраша катта фойда олиш учун эса сўнгги йилларда мазкур тармоқ тараққий эттирилмоқда.

Хусусан, одамларимизга томорқа ер участкаларидан янада самарали фойдаланишлари учун имкониятлар яратилиб, уларни янги, серҳосил, касалликларга чидамли кўчат ва уруғликлар билан таъминлаш даражаси ошиб боряпти. Замонавий ресурс тежамкор технологиялар асосида юқори сифатли, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмлари ошмоқда. Сирдарё вилояти, Ховос туманида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган Суннатилло Ирисматов ҳукумат томонидан берилаётган шу каби имтиёзлардан унумли фойдаланаётган ишбилармондир. У таркибида одам организми учун зарур бўлган шакар, органик кислота, оқсил, ёғ сингари кўплаб витаминларни жамлаган лимон мевасини энергия тежамкор иссиқхона шароитида етиштиришни мақсад қилган.

Бизнесмен икки гектарлик майдонга “Туронбанк” АТБнинг 600 минг долларлик молиявий кўмаги эвазига Хитой давлатидан ихчам, самарадор ва энг асосийси энергия тежовчи иссиқхонани олиб келиб ўрнатди. Бу замонавий технология махсус унумдор ер майдонига зарурат сезмаслиги, суғориш ва озиқлантириш тизими автоматлаштирилганлиги ҳамда ҳосилдорлик даражаси бошқаларига нисбатан юқорилиги билан ажралиб туради. Томчилатиш орқали эса озуқа эритмалари ўсимлик илдизига тўғридан-тўғри етиб боради. Бу жараёнда тупроқдаги касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш, ерни экишга тайёрлаш, ерни органик ўғитлар билан бойитиш, ишлов бериш, эгатлар очиш, бегона ўтларга қарши курашиш тадбирлари талаб қилинмайди.

Айни пайт “Sunnatillo Hamkor Fayz” ХКда чет элдан олиб келинган ускуналар тўлиқ ўрнатилиб, барча зарурий чоралар кўрилган. Яқин кунларда “Тошкент” навли лимон кўчатлари экилиши ва барча стандартларга тўлиқ жавоб берувчи компьютерлаштирилган тизим йўлга қўйилиши режалаштирилган. Ташаббускорларнинг сўзларига кўра, бу ерга уч мингга яқин лимон кўчати экилиб, ҳосилга кирган вақтида уларнинг ҳар биридан 50 кг маҳсулот олиш кўзда тутилмоқда.

Барчамизга маълум, лимон мевасининг хуштаъмлилиги овқатнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам бериб, организмнинг ҳимоя кучини сақлаб қолади. Дунёда цитрус экинларининг ўттиздан зиёд тури бўлсада, уларнинг тахминан ўндан ортиғи саноат аҳамиятига эга. Хусусан, лимон тез ҳосилга кириши ва ҳар йили муттасил мева бериши билан ажралиб туради. Шунингдек, ундан сифатли консерваланган шарбатлар, мураббо, қиём, мармелад ва салқин ҳамда шифобахш ичимликлар тайёрлаш ҳам мумкин. Шу сифатларини инобатга олган ҳолда биз ҳам ушбу маҳсулотни етиштиришга киришдик. Бунинг учун “Туронбанк” АТБга мурожаат қилдик ва молиявий кўмак эвазига юқори қувватга эга ускуналарни Хитойдан олиб келдик. Ҳозирда барча технологиялар ўрнатилди ва кўчат экиш учун тайёргарлик кўрилмоқда. Асосий мақсадимиз энг аввало халқимизга сифатли, шифобахш ушбу лимон маҳсулотини етказиб бериш ва экспорт қилишдир. Келгусида бизнесимизни кенгайтириш ниятидамиз ва бу борада ҳам “Туронбанк” АТБ билан ҳамкорликни давом эттирамиз, деди “Sunnatillo Hamkor Fayz” ХК раҳбари Суннатилло Ирисматов. 

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқатга бўлган талабини қоплаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун мева-сабзавот етиштиришни йилига 8-10 фоизга кўпайтириш ва қўшимча 1 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштириш зарур. Бу борада эса “Туронбанк” АТБ кредити эвазига ривожланаётган корхоналар фаол иштирок этиши турган гап. Зеро, молия муассасаси иқтисодиёт тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган ҳеч бир ташаббускорни эътибордан четда қолдирмайди.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 263
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech