Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Туронбанк кредити эвазига кўп тармоқли лимонария иш бошлайди

Янгиланган сана:  10 Январ 2020, 11:39
10 Jan 2020

Инсон фаолиятининг барча соҳаларида замонавий техника ва технология қанчалик тараққий этмасин халқнинг иқтисодий, маънавий ва маданий-маиший ҳаётини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айни пайт мамлакатимизда ушбу тармоқ ривожига катта эътибор қаратилиб, жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилмоқда. Сабаби, республикамиз аҳолисининг аксарият қисми қишлоқларда истиқомат қилади ва уларнинг кўпчилиги мазкур йўналишда зарур бўлган малака, кўникма ва тажрибага эга.

Айниқса, пўстида юрак-қон томир тизими касалликларининг олдини олувчи ва даволовчи шифобахш моддалар мавжуд бўлган, цитрус мевалар оиласига мансуб лимон маҳсулотини тайёрлаш йўналишида. Ушбу ўсимликни парваришлаш бизга ХХ асрнинг иккинчи ярмида кириб келганига қарамасдан, миришкорларимизнинг изланишлари натижасида унинг «Тошкент», «Юбилейний» сингари ўнга яқин тури ишлаб чиқилиб, хорижда ҳам кенг оммалашди.

Бугунги кунга келиб эса уни нафақат етиштириш балки, қайта ишлаган ҳолда сифатли консерваланган шарбатлар, мураббо, қиём, мармелад, салқин ҳамда шифобахш ичимликлар тайёрлашга қўшимчалар ишлаб чиқариш, бунинг учун замонавий иссиқхоналар ташкил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан юртимизнинг унумдор тупроқларида хорижий технологияларга асосланган экинзорларни ишга туширишга инвестициялар жалб қилиниб, тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилилиши кенгаймоқда.

10 гектар майдонда цитрус ўсимликларни кўпайтириш ва қайта ишлашга ихтисослашган катта бир лимонария ташкил этишни мақсад қилган Самарқандлик ишбилармон Садриддин Хакимовни сўзимизнинг тасдиғи сифатида келтириш мумкин. Вилоятнинг Каттақўрғон туманида иш бошлаш учун “Кушхавуз” МЧЖ раҳбари “Туронбанк” АТБнинг 2,5 млн. долларлик молиявий кўмагини ўзлаштириб, Россия давлатидан замонавий томчилатиб суғориш тизимини олиб келди ва қурилиш ишларини бошлаб юборди. Айни пайт экинларни эртароқ етиштириш, ҳосилдорликни бир мунча оширишга хизмат қилувчи синтетик плёнкалар ўрнатилмоқда.

Иссиқхона агрономининг сўзларига кўра, 2020 йил бошида 16 минг дона “Тошкент” навли лимон кўчатлари экилиши ва уч йилдан сўнг уларнинг ҳар биридан 30 – 40 кг ҳосил олиниши режалаштирилмоқда. Бу жараёнда эса автоматлаштирилган томчилатиб суғориш тизими жуда қўл келар экан. Сабаби, у сувни қатъий меъёрлаш, ортиқча сарф ёки намлик ҳолатларини келтириб чиқармайди.

Лимон мевалари ва ундан тайёрланган бетакрор шарбатлар кўпгина хорижий мамлакатлар аҳолисининг кундалик озиқ-овқат маҳсулотларидан бирига айланиб улгурган. Лимон меваларнинг бу қадар кенг тарқалиши уларнинг беқиёс таъми, витаминга бойлиги, ҳушбўй ҳиди, қайта ишлаш, сақлаш ва ташишга яроқлиги, етиштириш ва кўпайтиришнинг у қадар мураккаб эмаслиги билан боғлиқ. Ушбу табиат инъомининг мана шундай афзалликларини инобатга олган ҳолда биз ҳам шу фаолият билан шуғулланишни бошладик. Катта бир лимонария ташкил этиш учун барча зарурий ишларни бажардик. Энг катта кўмак бу “Туронбанк” томонидан кўрсатилди. Бизнес режамизни тўлиқ ўрганиб чиққан ҳолда банкирлар корхонамизга ишонч билдиришди ва қурилиш – таъмирлаш ишлари бошланди. Аҳамиятли жиҳати 10 гектарлик майдонда нафақат замонавий иссиқхона балки махсус музлаткични ҳам ўрнатишни режалаштирмоқдамиз. Биз лимонларимизни маҳаллий ва ташқи бозорларга етказиб бериш билан бирга, шу ернинг ўзида қайта ишлаб, мураббо тайёрлашни ҳам кўзда тутаяпмиз. Бундан эса ҳам фойда кўрамиз ҳам фойда берамиз деди, “Кушхавуз” МЧЖ раҳбари Садриддин Хакимов.

Юрт ривожи, халқ фаровонлигига ҳисса қўшиш ниятида бўлган шундай ишбилармонларни кўра туриб, бир ҳақиқат ёдимизга тушади. Қанчалар катта ёки кичик бўлмасин ташаббус ва илгари сурилган ғоя агарда қўллаб – қувватланса, кўзланган мақсадданда зиёдроқ натижани олиб келиши мумин. “Туронбанк” АТБ ҳам айни шу фикрга ҳамоханг тарзда ғайратли тадбиркорларга кўмак бериб келмоқда.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 1114
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech