Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Туронбанк кредитлари бизнесингиз ривожининг муҳим кафолати” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди

6 May 2019
Жорий йилнинг 3 май куни Миллий матбуот марказида “Туронбанк кредитлари бизнесингиз ривожининг муҳим кафолати” ҳамда “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаб, барқарор иқтисодий тарраққиётга эришамиз” мавзуларида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да “Туронбанк” АТБ томонидан амалга оширилаётган устувор вазифаларга бағишланди. 

Анжуманда мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан, 2019 йилда банкимиз бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, 2017-2021 йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси”да қайд этилган устувор йўналишлардан бири, яъни “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш” вазифасидан келиб чиққан ҳолда, банкимиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида турли тадбирларни амалга оширишни давом эттирмоқда.

2019 йилнинг I чорагида банк кредит қўйилмалари 2,6 трлн.сўмни ташкил қилиб, ушбу кўрсатгич 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 трлн.сўмга, ёки 244 фоизга ошди. Хусусан, банк томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадларига 314,4 млрд.сўм, микрокредитлар 21 млрд. сўм, аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб қувватлашга 34,7 млрд. сўм, оилавий тадбиркорлик ва хунармандчиликни ривожлантиришга 24 млрд. сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 110 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилгани бу борадаги ишларнинг амалий самарасидир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурига ҳамда “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларни иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йилнинг ўтган даврида аҳолига жами 47,4 млрд. сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. Мазкур сармоялар эвазига кўплаб иш ўринлари яратилиб, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга эришилди. 

Энг асосийси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3620-сонли қарори ижросини таъминлаш, аҳолига кўрсатиладиган хизмат турларини кенгайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонунига асосан аҳолининг шахсий эҳтиёжларини қондиришни молиялаштириш мақсадида 2018 йилдан бошлаб “Микроқарз” жумладан уни MyTuron мобил иловаси орқали онлайн тарзда ажратиш амалиётга жорий қилинди. Бунда жисмоний шахсларга микроқарзни онлайн тарзда, автоматлаштирилган скоринг таҳлилни қўллаган ҳолда ажратиш йўлга қўйилиб, 2019 йил давомида жами 7,7 млрд.сўм миқдорида, шундан 52 млн. сўм мобил илова орқали онлайн тарзда микроқарз ажратилди.

Шу билан бирга кредит буюртмаларини шаффофлик асосида рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш учун шароитларни яратиш мақсадида филиал мижозларига кредит ажратиш ёки уни рад этиш тўғрисида мижознинг мобил рақамига СМС хабар юбориш тизими йўлга қўйилди.

“Туронбанк” АТБ томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ўтган давр мобайнида жами 841,2 млрд. сўм миқдоридаги инвестицион кредитлар ажратилди. Жумладан, иқтисодиётимизнинг қишлоқ хўжалиги йўналиши учун 185,6 млрд. сўм, янги объектларни қуриш ва модернизациялаш йўналиши учун 248,3 млрд. сўм, саноат йўналиши учун 195,7 млрд. сўм, хўжалик юритувчи субъектларнинг моддий-техник таъминлаш ва маиший хизмат кўрсатиш йўналиши учун 64,5 млрд. сўм, транспорт ва коммуникация тармоғи учун 42,4 млрд. сўм ва бошқа мақсадлар учун 104,7 млрд. сўм миқдорида инвестицион кредитлар ажратилди.

Шунингдек, тадбирда «Туронбанк» АТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 23 мартдаги ПҚ-3620-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Матбуот анжумани давомида берилган саволларга банк вакиллари тўлиқ ва батафсил жавоб қайтардилар.
/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 218
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech