Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Туронбанк” кредитлари энергия тежамкор иссиқхоналар қурилишида кўмакчи бўляпти

19 Dec 2019

Агарда сўнгги йиллар давомида яқин Шарқ ёки узоқ Ғарб давлатларига саёхат қилган фуқароларимизнинг таассуротлари билан қизиқсангиз, улар энг аввало, бизнинг мева – сабзавотларимиз хориждаги катта савдо марказларининг пештахталарида харидоргир эканлигини хавас билан тилга олишади. Бундай ижобий ўзгаришларнинг негизида эса мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган тинимсиз меҳнатни кўришимиз мумкин.

Давлатимиз раҳбари ҳам ҳудудларга амалга оширган ташрифлари чоғида доимо озиқ-овқатга бўлган талабни қондириш учун ишлаб чиқаришда юқори самарали усулларидан фойдаланиш зурур эканлигини таъкидлайдилар. Аслида ҳам энергиянинг муқобил манбалари, тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда гидропоника ва аэропоника тизимида ишловчи замонавий иссиқхона комплексларини яратиш бугуннинг талабидир.

da1d0a385e37fc396ec8ac0108c9edd4.jpeg

Тараққиётнинг шу каби янги чақириқларига жавоб бериш мақсадида айни пайт Республикамизнинг кўплаб ҳудудларида шу каби инновацион иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Бунга мисол тариқасида, «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасида иш бошлаётган "Buxoro interkontinental" МЧЖни келтиришимиз мумкин. Осиё Тараккиёт банки кредит линияси маблағлари ҳисобидан “Туронбанк” АТБ ажратган 840 минг долларлик кредит эвазига корхона, Хитой давлатидан замонавий энергия тежамкор иссиқхона комплексини олиб келди. Айни пайт 3 гектарлик майдонда қурилиш ишлари олиб борилиб, помидор ва булғор қалампири етиштиришда зарур бўлган бутловчи қисмлар ва гофрланган картон идишлари ўрнатилмоқда. Асосий мақсад эса экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишдан иборат.

Давлатимиз раҳбарининг “Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тадбиркорлар учун катта имкониятлар эшигини очди. Ҳужжат билан замонавий иссиқхоналар ташкил этиш учун бир қатор имтиёз ва имкониятлар ҳам тақдим этилди. Шундан унумли фойдаланган ҳолда биз ҳам ушбу йўналишда ўз бизнесимизни йўлга қўйишни ният қилдик. Унда эса “Туронбанк” АТБ катта кўмак берди. Молия муассасасининг кредити эвазига Хитойнинг иссиқхоналар қуришга ихтисослашган нуфузли компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ҳозирда ускуналар олиб келинган ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шу йилнинг сўнггига қадар помидор ва булғор қалампирининг кўчатларини экиб, гектаридан 100 – 200 тонна хосил олишни режалаштирмоқдамиз. Иссиқхона тўлиқ ишга тушганда эса қарийб 30 га яқин янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда, деди "Buxoro interkontinental" МЧЖ раҳбари Ғанижон Мусаев.

Айтиш керакки, бундан ихчам ва самарадор иссиқхоналарнинг афзаллиги шундаки, бу технология асосидаги деҳқончиликда махсус унумдор ер майдонига зарурат бўлмайди. Жараён тўлиқ автоматлаштирилган тизим орқали бошқарилади. Тежамкор энергия, суғориш ва озиқлантириш тизими мавжудлигидир, энг асосийси, бундай иссиқхоналар ҳосилдорлиги оддийларига нисбатан юқори. Томчилатиб суғориш тизими орқали озуқа эритмалари ўсимлик илдизига тўғридан-тўғри етказиб берилади. Тупроқдаги касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш, ерни экишга тайёрлаш, ерни органик ўғитлар билан бойитиш, ишлов бериш, суғориш учун эгатлар очиш, бегона ўтларга қарши курашиш тадбирлари талаб қилинмайди.

he2I5u6lw0OCFN-YEGb9byfJ7cBCIfNI.jpg

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, айни пайт Республикамизда 1800 дан ортиқ замонавий, энергия тежамкор иссиқхоналар фаолият олиб бораётган бўлиб, уларнинг умумий майдони 4125 гектарни ташкил этмоқда. Аҳамиятлиси, уларда 35 мингдан зиёд ишчи меҳнат қилаяпти. Молия бозорида ўттиз йиллик тажрибага эга “Туронбанк” АТБ эса бу жараёнларда фаол иштирок этиб, шу турдаги корхоналар сони кўпайишида жонбозлик кўрсатмоқда.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 67
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech