Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Туронбанк»: Самарқандда ҳам саёҳат, ҳам маънавий-маърифий дунёқараш бойитилди

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
«Туронбанк»: Самарқандда ҳам саёҳат, ҳам маънавий-маърифий дунёқараш бойитилди
12 Feb 2018

Бугунги кунда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан республикада туризмни изчил ривожлантириш, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5326-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида тижорат банкларига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, “Туронбанк” АТБ мамлакатимиз туризмини ривожланишига ўз хиссасини қўшиши билан бирга, мунтазам равишда банк ходимларининг ҳуқуқий онгини, маънавий-маърифий савиясини ошириш ва қайта тайёрлашмақсадида турли мавзуларда ўтказиб келаётган ўқув семинарларининг навбатдагисини ҳамиша навқирон ва қадимий Самарқанд шаҳрида ташкил этди.

«Туронбанк» АТБ томонидан ўтказилаётган ўқув семинарларида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, банк-молия соҳасини янада ислоҳ қилишга доир Президентимизнинг фармон ва қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилмоқда.

Навбатдаги амалий семинар «Тижорат банкларида ички назоратни миллий қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солиш», «Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари», «Солиққа оид қонун ҳужжатлари бўйича янгиликлар», «Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни юритиш» ҳамда «Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг Давлат ва корпоратив харидларини амалга ошириш» мавзуларига бағишланди.

Унда тижорат банклари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, банк операцияларини тартибга солишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни қўллаш ҳамда банк тизимида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ қонунчилигига оид янгиликлар муҳокама этилди.

Семинарда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг масъул ходими жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, республикамизда мазкур соҳада қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда қоидаларнинг ҳар бир жиҳатларига батафсил тўхталиб ўтди, тижорат банкларида самарали ички назорат тизимини ташкил қилиш борасидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Шунингдек, семинарда «Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари», «Солиққа оид қонун ҳужжатлари бўйича янгиликлар», «Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни юритиш» ҳамда «Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг Давлат ва корпоратив харидларини амалга ошириш» мавзуларидаги маърузалар йиғилиш иштирокчиларининг алоҳида эътиборида бўлди. Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

Семинарда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда банк олдида турган устувор вазифалар ижроси борасида амалий таклифлар билдирилди.

Семинарнинг ўқув қисми якунлангандан сўнг «Туронбанк» АТБнинг Тошкент шаҳри ва вилоят филиаллари ходимлари ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш учун банк томонидан молиялаштирилган Самарқанд вилояти Булунғур туманида жойлашган мева сабзовотларни қайта ишлашга мўлжалланган «SAMARKAND GARDEN PLAST» МЧЖ ва Самарқанд филиали мижози Самарқанд шаҳрида жойлашган Корея технологиялари асосида ташкил этилган иссиқхона «SAM CHEVAR ASADBEK» МЧЖга ташриф буюрдилар.

Семинарнинг иккинчи куни Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятида жойлашган тарихий қадамжоларга зиёрат-туризмини амалга оширдилар.

Аввалига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабри зиёрат қилиниб, унинг ҳақига қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг саёҳат давомида «Шохи Зинда» мавзолейи, «Улуғбек расадхонаси», «Хазрати Дониёр», «Имом ал-Бухорий» зиёратгохлари, «Бибихоним мадрасаси» ва «Регистон» майдонига зиёратлар уюштирилди.

Шунингдек, Банк ходимлари саёҳат давомида Самарқанд шаҳрининг қадимий обидалари, гўзал архитектураси ҳамда ушбу заминнинг ўзига хос миллий анъаналари билан яқиндан танишдилар, шунингдек, мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида бўлаётгани каби бу ерда ҳам олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари тўғрисида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.

Ўқув семинари ва туристик саёҳатда иштирок этган ходимлар катта таассуротлар билан ўзлари фаолият юритаётган ҳудудларга қайтдилар. Банк томонидан бу каби саёҳатларни бетакрор диёримизнинг бошқа тарихий қадамжолари ва сўлим масканаларига мунтазам равишда ташкил этиш режалаштирилган.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 550
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech