Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Туронбанк томонидан Навоий вилоятида сайёр қабул ва учрашувлар ташкиллаштирилмоқда

7 May 2019
«Туронбанк» АТБ раҳбарияти томонидан Навоий вилоятида тадбиркорлар ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан банк-молия тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кўламини кенгайтириш, қабул қилинган дастурларнинг тизимли амалга оширилиши банкларнинг муваффақиятли фаолият юритиши учун кенг имкониятлар очиб бермоқда. Хусусан, бугунги кунда «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан мижозларга таклиф қилинаётган банк хизматлари ҳамда маҳсулотлари турлари тобора кенгайиб бормоқда.

Шунингдек, белгиланган чора-тадбирлар асосида ҳудудларда аҳоли ҳамда банк мижозларининг молиявий саводхонлигини ошириш, банк хизматлари истеъмолчиларини сифатли ва тезкор банк хизматлари билан таъминлашга, муаммоларни бартараф этишга қаратилган сайёр қабул ҳамда аҳоли ўртасида ўқув машғулотлари ўтказилиб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг май ойида Туронбанк раҳбарияти томонидан Навоий вилоятининг барча туманларида ташкиллаштирилаётган сайёр қабуллари давомида фуқароларнинг асосан тадбиркорлик фаолиятини, жумладан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар олишда дуч келаётган айрим муаммолар, тўсиқлар ҳамда уларни қийнаётган саволлар билан мурожаат этмоқдалар.

Банк томонидан бугунги кунда мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Аммо ҳанузгача чекка ҳудудларда яшовчи юртимиз аҳолиси банклар томонидан жорий қилинаётган замонавий банк хизматлари, омонатларни мобил илова орқали бошқариш усуллари, тез ва қулай тарзда ажратилаётган кредитлар ҳақида етарли маълумотларга эга эмас. Шунинг учун ҳам улар баъзи муаммоларга дуч келмоқда. Мана бундай учрашувларда эса банк ходимлари банк хизматлари бўйича маълумотларни тушунтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги сайёр қабуллари давомида ҳам фуқаролар чакана савдо, оилавий тадбиркорликни амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар олиш, банк омонати ҳамда пластик карта масалалари бўйича мурожаат қилишмоқда. Мутахассислар улар бўйича зарур амалий тавсия ва маслаҳатлар бермоқда.

Шунингдек, Туронбанк раҳбарияти томонидан тадбиркорлар ва аҳоли иштирокида юзма-юз ўтказилаётган сайёр қабулларда қатор муаммолар жойида ҳал этилиб, қўшимча ўрганиш, текшириш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар тегишли банк мутахассислари томонидан назоратга олинди.

Шу билан бирга, сайёр қабуллар давомида банк раҳбар ва мутахассислари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлиги даражасини ошириш, уларнинг оқилона қарор қабул қила олишга йўналтирилган билим, кўникма ва ёндашувларини шакллантириш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш борасида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида ўқув-машғулотлари ҳам ўтказилмоқда.

Машғулотлар давомида «Туронбанк» АТБ раҳбарияти банк хизматлари, жумладан, кредит, омонат, депозит турлари ва уларнинг шартлари, банкнинг интерактив хизматлари ҳамда «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастури асосида имтиёзли кредитлаш тартиблари ва механизмлари ҳақида сўз юритилмоқда. 

Маълумот ўрнида, Туронбанк томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурига ҳамда “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларни иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йилнинг ўтган даврида аҳолига жами 47,4 млрд. сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. Мазкур сармоялар эвазига кўплаб иш ўринлари яратилиб, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга эришилди. 

Бир сўз билан айтганда, Туронбанк раҳбарияти томонидан ташкил этилиб келинаётган бу каби тадбирлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, билим ва кўникмаларини ошириш билан бирга, банкка бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 230
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech