“Туронбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан “Замонавий бизнес ва ахборот технологиялари, ушбу соҳалар ривожланишида уларнинг ўзаро таъсири” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Семинарда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга доир қабул қилинган қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар тижорат банклари томонидан ахборот-коммуникация технологиялари асосида мижозларга янги турдаги сифатли хизматлар кўрсатишда такомиллашишида муҳим аҳамият касб этаётганлиги қайд этилди.
Тадбирда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари Университети профессор-ўқитувчилари томонидан корхона ва ташкилотларда ахборот технологияларни қўллаган ҳолда иш тизимини ташкил қилишнинг самарадорлиги, банк хизматларининг замонавий ахборот технологиялар асосида кўрсатилишининг аҳамияти каби масалаларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шунингдек, “Туронбанк” Бошқаруви томонидан замонавий ахборот технологиялар асосида “Турон Мобайл Банкнинг”, “Биометрик идентификация”, “Интернет банкинг” каби банк хизматларининг жорий этилаётганлиги банк мижозларига қулайликлар туғдириши тўғрисида тўхталиб ўтилди.
«Туронбанк» АТБ мутахассислари ишлаб чиққан “Турон Мобайл Банкнинг” хизмати қисқа муддатда банк мижозларининг эътирофига сазовор бўлиб, бу хизматдан фойдаланишда молиявий операциялар нархининг арзонлиги ҳамда тезлигининг юқорилиги, мижозларнинг вақтини иқтисод қилиши ёки вақтдан самарали фойдаланиши, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ҳамда миллий ва халқаро ҳисоб-китобларни аниқ вақт режимида амалга оширилиши ушбу хизматнинг муҳим афзалликларидан саналади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу каби интернет орқали молиявий операцияларни бажариш харажатларни қарийб 3 баравардан 10 бараваргача камайтириш ва иқтисодиётда маблағ айланмасини тезлаштиришга олиб келади.
Айтиш жоизки, «Туронбанк» биринчилардан бўлиб омонат операцияларини амалга оширишда мижозларни бармоқ изи орқали биометрик идентификациялаш тизими жорий этгани банк омонатчиларига уларнинг омонатлари бўйича операцияларни ўзларининг иштирокисиз амалга оширилмаслигини тўлиқ кафолатлаш имконини бермоқда.
Айни пайтда банк жисмоний шахсларни мобил телефонлар учун мўлжалланган «Turon Mobile» дастури ҳам ишга туширган бўлиб, юқорида айтиб ўтилган хизматларнинг барчаси эндиликда янада мукаммаллаштирилган ҳолда, ундаги мавжуд функциялар анчагина соддалаштирилган. Бу эса «Туронбанк» АТБ мижозларига муассасага келмасдан барча банк хизматларидан тезкорлик билан фойдаланиш имкониятини яратаётганлигидан далолатдир.
Мухтасар айтганда, «Туронбанк» АТБда ташкил этилаётгансеминарлар банк ходимларини ахборот-технологиялари соҳасида юз бераётган ўзгаришлар билан таништириш, уларнинг билимини ошириш ва янги замонавий банк хизматларини жорий қилишга янада кенг имкониятлар яратишда алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олдилар.