Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва тижорат банкларининг жонбозлиги билан Республикада лимон кўчатларини етиштириш ва уларга ихтисослашган иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни жадаллаштириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу жараёнда эса айни шу йўналишга масъул бўлган “Туронбанк” АТБнинг ўрни аҳамиятли бўляпти. Молия муассасаси “Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси” билан ҳамкорликда мазкур тармоқ ривожига ҳисса қўшиш ниятида бўлган ишбилармонларга ҳам ҳуқуқий ҳам молиявий кўмак бериб, чет давлатлар билан айни йўналишда ҳамкорлик қилиш имкониятини яратмоқда. Бунга мисол тариқасида, айни пайт Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўз ишини бошлаган “World Halal Summit” яъни “Бутунжаҳон ҳалол саммити”ни келтиришимиз мумкин.

28 – ноябрдан 1 – декабрь санасига қадар ўтадиган нуфузли тадбирда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан ҳалол савдони қўллаб – қувватловчи компаниялар вакиллари, олимлар, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари жам бўлишган. Аҳамиятлиси, “Туронбанк” АТБ кўмагида “Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси” раҳбарияти ҳам ушбу саммит доирасида ўтаётган халқаро кўргазмада ўз стендлари билан иштирок этаётганлигидир.

Улар серқуёш заминимизда етиштирилаётган харидоргир ўзбек лимонларининг барча навларини хорижий меҳмонлар учун таклиф этишмоқда. Бу эса маҳаллий ишбилармонларимиз томонидан тайёрланаётган ушбу қиш мевасининг экспорт ҳажмини ошириш, ўзаро манфаатли алоқаларнинг йўлга қўйилишида муҳим қадамдир.

Шу ўринда қўшимча қилиш керак, “Туронбанк” АТБ мазкур йўналишда меҳнат қиламан деган ташаббускорлар учун етти йилгача бўлган муддатга уч йил имтиёзли давр билан хорижий кредит линиялари орқали молиявий кўмак бериб келмоқда. Унинг натижасида лимон кўчатларининг оналик боғларини ташкил этиш, замонавий лимон сақлаш омборхоналарини ишга тушириш ва қадоқлаш технологияларини ўрнатиш, бир сўз билан айтганда, катта бир корхонани ишга тушириш имконияти мавжуддир.