Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Устувор вазифалар белгилаб олинди

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
Устувор вазифалар белгилаб олинди
17 Jan 2018

«Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ходимларнинг ҳуқуқий онгини, маънавий-маърифий савиясини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида турли мавзуларда ўқув семинарлари ташкил этилиб келинмоқда. Мазкур тадбирларда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, банк-молия соҳасини янада ислоҳ қилишга доир Президентимизнинг фармон ва қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилмоқда.

Банк томонидан ўтказилган навбатдаги ўқув семинари айни пайтда барча соҳа вакиллари учун муҳим бўлган, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида кўтарилган муҳим масалаларга бағишланди. Унда «Туронбанк» АТБ раҳбарияти, кредит департаменти ходимлари ҳамда ҳудудий филиалларидаги кредит бўлимлари бошлиқлари иштирок этди.

Тадбирни «Туронбанк» АТБ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Шоаҳмедов очиб берар экан, ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва ютуқлар ҳақида қисқача тўхталиб, жорий йилда янада шижоат билан ишлаш кераклигига урғу бериб ўтди. Бу жараёнда Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси муҳим дастуриламал бўлиши кераклигини таъкидлади. Шундан сўнг сўзни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Қуддус Аъзамов олиб, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасидаги муҳим масалаларга тўхталди. Бу ўринда банк ходимларининг масъулияти ва эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатларни қайд этиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда Мурожаатномада мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, айниқса, банк-молия тизимига оид билдирилган фикр-мулоҳазалар ва берилган топшириқлар, тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишга кўмаклашиш борасида берилган вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Семинар давомида 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб ном берилгани ҳам банк тизимига қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш заруриятини қўймоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда «Туронбанк» АТБ томонидан тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш ва тизимга инновацияларни жорий этиш жорий йилги муҳим вазифалар сифатида белгилаб олинди.

Шунингдек, тадбирда «2018 йил учун Кредит сиёсати», «Кредит портфелининг сифатини оширишда банк филиаллари масъул ходимларининг вазифалари» мавзусида ҳамда хорижий кредит линияларини жалб қилишга қўйиладиган талаб, уларнинг ажратилиши-ишлатилиши ва улар билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам маърузалар тингланди.

Жумладан, «Туронбанк» АТБнинг Кредитлаш департаменти директори ўринбосари Азизбек Матниязов ўз маърузасида, жорий йилда тадбиркорларни кенг жалб қилиш, уларга кредитлар ажратиш ҳамда хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида тўхталди. Шундан сўнг Кредитлаш департаменти бошқарма бошлиғи Сирож Сафаров ўз маърузасини ҳавола этиб, гаров мулклар ва кредитларни мониторинг қилишга қўйиладиган талаблар ҳақида батафсил сўз берди.

Семинар сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.

– Бугунги семинардан ўзимиз учун жорий йилги вазифаларни белгилаб олиш баробарида бир олам таассуротга эга бўлдик, – дейди «Туронбанк» АТБнинг Фарғона филиали Кредитлаш ва иқтисодий таҳлил қилиш бўлими мутахассиси Иқбол Низомов. – Биринчи навбатда, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги муҳим вазифалар моҳиятини янада теран англаган бўлсак, маърузачиларнинг кейинги чиқишлари орқали эса фаолиятимиз учун дастуриламал вазифаларни белгилаб олдик.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 537
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech