Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Яна бир фермер хўжалиги ҳамкорлик учун Туронбанкни танлади!

Янгиланган сана:  24 Феврал 2020, 09:08
23 Feb 2020

Асрлар давомида чорвачилик соҳаси Марказий Осиё халқларининг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Сабаби, ривожланишнинг ўтиш даврида кўплаб тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажми камайиб, одамларнинг қўшимча даромад олиш имкониятлари чекланган мураккаб йилларда ушбу соҳа қишлоқ жойларда аҳоли фаровонлиги даражасини барқарор сақлаб туришга салмоқли ҳисса қўшди. Бозор иқтисодиёти механизмлари фаоллашиб, озиқ-овқатга талаб ортиб бораётган ушбу кунда мазкур тармоқ самарадорлигини ва рақобатдошлигини янада оширмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда ҳам барча соҳалар қатори чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, халқимизни арзон ва сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни шу соҳада фаолият олиб бораётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларда озуқа базасини кўпайтириш, наслчиликни яхшилаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашни эса давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари кечиктириб бўлмас вазифа сифатида белгиламоқдалар.

Буни мазкур йўналишни тараққий эттиришга қаратилган қатор ҳужжатларнинг қабул қилинаётганлиги билан изоҳлаш мумкин. Хусусан, “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори сўзимизга исбот бўлиши мумкин. Унда қорамол боқиб, халқимиз дастурхонига сифатли ва тўйимли маҳсулот етказиш мақсадида бўлган ташаббускорларга ҳар томонлама кўмак бериш энг устувор вазифа сифатида келтирилган.

Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда “Туронбанк” АТБ тадбиркорларга яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Хусусан, Андижон вилояти Олтин туманида 2017 йилдан буён чорвачилик билан шуғулланиб келаётган “Темирмалик бўрдоқчилик” фермер хўжалиги ҳам ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида банк билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Ишбилармон Дониёрбек Мамажоновнинг сўзларига кўра, айни пайт 1 гектар майдонда “Қозоқ Оқ тоши” наслидаги 100 бош қорамол боқилаётган бўлиб, умумий ҳисобда йилига 200-300 тоннадан зиёди гўшт маҳсулоти олиниш режалаштирилган. Банкдан кредит олишдан асосий мақсад эса яна минг бош шу турдаги қорамолни олиб келишдир.

Чорвани оила баракаси, дейишади. Чиндан ҳам, ҳовлисида битта соғин сигири бор рўзғорнинг дастурхони файзли, қўшимча даромадли бўлади. Шу боис юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, бу борада тадбиркорликни йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилиб, биз каби ташаббускорларга катта имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, зотли чарва молларини ҳарид қилиш, уларни кўпайтириш ва бу орқали аҳолини арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашда кенг йўл очилмоқда. Мана шу шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда биз ҳам фермер хўжалигимиз қорамолларининг сонини яна мингтага кўпайтириш, маҳсулдорлик сифатини ошириш, наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш мақсадида “Туронбанк” АТБга 115 минг доллар кредит олиш учун мурожаат қилдик. Ҳозирда керакли ҳужжатларни тайёрлаяпмиз ва яқин кунларда молиявий кўмакни олиш ниятидамиз, деди “Темирмалик бўрдоқчилик” фермер хўжалиги раҳбари Дониёрбек Мамажонов.

Шу ўринда қўшимча қилиш керак, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасининг маълумотларига кўра,ўтган 2019 йилда амалга оширилган лойиҳалар доирасида мамлакатимизга чет давлатлардан 145 минг бошдан зиёд қорамол (шундан, 30 минг боши наслли), 217 минг бошдан зиёд қўй ва эчки олиб келинган. Ушбу чорва ҳайвонларининг бир қисми аҳоли дастурхонларига гўшт маҳсулотлари сифатида тақдим этилган бўлса, қолган қисми фермер хўжаликларида парваришланиб, кўпайтирилмоқда. Келгусида чет эл давлатларидан қорамол импорт қилиш ҳажмини қисқартириб, ўзимизда парваришланаётган зотли моллар плем ядросини яратиш, яъни зотли, маҳсулдор қорамолларни маҳаллий шароитда кўпайтириб, Ўзбекистонни чорва соҳаси бўйича импортёр давлатдан экспортёр мамлакатга айлантириш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун: 2018 - 2019 йиллар давомида “Туронбанк” АТБ Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш” дастури бўйича 22 та лойиҳага 11,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредитлар ажратди. 

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган бу ишларнинг замирида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, бозорларимизда сифатли ва фойдали гўшт маҳсулотларининг тан нархини мақбуллаштириш каби эзгу мақсадлар мужассамдир. Бу жараёнларда эса “Туронбанк” АТБ тадбиркорларга яқиндан беминнат кўмак беришга доим тайёр.   

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 80
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech