Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Янгиқўрғонда йилига 375 тонна лимон етиштирилади!

Янгиланган сана:  23 Июл 2020, 09:47
23 Jul 2020

Инсон фаолиятининг барча соҳаларида замонавий техника ва технология қанчалик тараққий этмасин халқнинг иқтисодий, маънавий ва маданий-маиший ҳаётини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айни пайт мамлакатимизда ушбу тармоқ ривожига катта эътибор қаратилиб, жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилмоқда. Сабаби, республикамиз аҳолисининг аксарият қисми қишлоқларда истиқомат қилади ва уларнинг кўпчилиги мазкур йўналишда зарур бўлган малака, кўникма ва тажрибага эга. Айниқса, пўстида юрак-қон томир тизими касалликларининг олдини олувчи ва даволовчи шифобахш моддалар мавжуд бўлган, цитрус мевалар оиласига мансуб лимон маҳсулотини тайёрлаш йўналишида. Ушбу ўсимликни парваришлаш бизга ХХ асрнинг иккинчи ярмида кириб келганига қарамасдан, миришкорларимизнинг изланишлари натижасида унинг “Тошкент”, “Юбилейний”, “Мейер” сингари кўплаб турлари ишлаб чиқилиб, хорижда ҳам кенг оммалашди.  

photo_2020-04-30_17-34-55.jpg

Бугунги кунга келиб эса уни нафақат етиштириш балки, қайта ишлаган ҳолда сифатли консерваланган шарбатлар, мураббо, қиём, мармелад, салқин ҳамда шифобахш ичимликлар тайёрлашга қўшимчалар ишлаб чиқариш, бунинг учун замонавий иссиқхоналар ташкил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан юртимизнинг унумдор тупроқларида хорижий технологияларга асосланган экинзорларни ишга туширишга инвестициялар жалб қилиниб, тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилиши кенгаймоқда. Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида барпо этилган 2 гектарлик лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхона сўзимизга исбот бўлиши мумкин. “Vodiy-Agro Kompleks” фермер хўжалиги раҳбари Мамаджон Искандаров яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз бизнесини йўлга қўйган ишбилармондир. Лойиҳанинг умумий қиймати 6,0 млрд. сўм бўлиб, уни амалга ошириш учун фермер хўжалигининг 1,5 млрд. сўмлик ўз маблағлари сарфланди ҳамда 4,6 млрд. сўм Туронбанк кредити ўзлаштирилди. Унинг эвазига эса Хитой Халқ Республикасининг “Yiwu Louhuan Trading” компаниясидан замонавий иссиқхона мажмуаси хусусан, иситиш тизими ва ҳаво тозалаш механизмлари олиб келинди. Айни вақтда умумий майдоннинг 1,6 гектарининг қурилиш ишлари якунланиб, “Тошкент” навли 1 минг 700 туп лимон кўчатлари экилди. Бунинг натижасида доимий 10 та ёлланма шаклда яна 25 та янги иш ўрни яратилди.

290420208.jpg

“Бежизга халқимизда “Томорқасини яшнатган яхши яшайди” деган гап юрмайди. Сабаби, саховатли ердан унумли фойдаланган ҳеч бир инсон кам бўлмайди. Серқуёш заминимизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар саломатлик учун ғоят муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги, юқори сифати, экологик тоза ва хавфсизлиги, рақобатбардошлиги билан бошқа минтақаларнинг ана шундай маҳсулотлардан сезиларли даражада юқори туради. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда биз ҳам хайрли ишга қўл уриб, сердаромад соҳа бўлган лимончилик билан шуғулланишга қарор қилдик. Бунда эса бизга Туронбанк мутахассислари яқиндан ёрдам беришди. Улар билан бизнес режамизни мустаҳкамлаб, ускуналар хариди учун кредит олишга келишдик. Иссиқхонамиз замонавий типда бўлиб, барча жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган. Хусусан, ерни минерал ўғит ва намлик билан таъминлаш, совутиш ҳамда мўтадил иқлим яратувчи суғориш тизимлари компьютерлар орқали бошқарилади. Иссиқхонанинг устки қисмига қопланган очилиб-ёпилувчи қурилма эса лимонларни “термос” усулида парваришлар имкониятини беради” деди “Vodiy-Agro Kompleks” фермер хўжалиги раҳбари Мамаджон Искандаров.

photo_2020-04-30_17-35-06.jpg

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, кўчатлар ҳосилга кирган 2024 йилга келиб йиллик 200 тонна, 2025 йилдан эса 375 тонна маҳсулот олиш кўзда тутилган бўлиб, уларнинг аксарият қисми ташқи бозорларга йўналтирилиши режалаштирилмоқда. “Наманган ҳақиқати” газетасининг келтиришича, бугунги кунда вилоят 64 миллион долларлик экспорт операцияларини амалга оширган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга ошган. Аҳамиятлиси, уларнинг 3,4 фоизи мева-сабзавотлар йўналишига тўғри келмоқда. Турган гапки, мазкур жараёнларда Президентимиз томонидан Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва ривожлантиришга чет эл инвестицияларини жалб қилиш борасида яратиб берилган кенг имкониятларнинг ўрни муҳимдир.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 1198
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech