Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ёшлар билан очиқ суҳбат Туронбанк ривожига янги ғояларни бермоқда

Янгиланган сана:  27 Январ 2020, 09:41
25 Jan 2020

Жаҳон психологларининг сўзларига кўра самимийлик, очиқлик ва дилдан қилинган суҳбат, ҳар қандай муаммонинг ечим топишида асосий омил бўлар эмиш. Айниқса, раҳбарият олдида ўз ташаббус ва таклифларини илгари суриш оддий бир мутахассис лавозимидаги ходимга ҳар доим ҳам насиб этавермайди. Умумий персоналнинг 30 фоизини ёшлар ташкил этувчи Туронбанк Бошқарув Раиси билан бўлган учрашув бундай чекловлардан ҳоли тарзда, ғайратли ёш банкирларнинг қизғин савол – жавоблари билан эсда қоларли бўлди.

IMG_3356.JPG

Қарийб икки соат давомида иштирокчилар Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда истеъдодли ўғил - қизларга яратиб берилаётган имкониятлар, хусусан, банк-молия соҳасига етук кадрларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишларни муҳокама этишди, фаолиятда мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича ёшларнинг таклифлари маъқулланди. Шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда беш ташаббус доирасида банкда амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

IMG_3375.JPG

Айтиш керак, бошқа молия муассасаларидан фарқли равишда Туронбанк раҳбарияти интеллектга сармоя киритишни энг олий вазифа сифатида белгилаган. Бунга мисол қилиб, ҳар йили билимли ёшларнинг нуфузли олийгоҳларга қабул қилиниши ва хорижий сафарларда ўз тажрибаларини орттиришларини келтиришимиз мумкин. Биргина ўтган 2019 йилнинг ўзида 400 нафарга яқин ёш ходимлар Ўзбекистон Банклари Ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Банк – молия академияси, Минтақавий банк ўқув марказларида малакаларини оширишган.

IMG_3387.JPG

Бу борадаги энг аҳамиятли жиҳат эса иқтисодий йўналишдаги олий таълим муассасаларининг 2-,3-,4-босқич талабалари ҳам банк фаолиятига жалб этилаётганлигидир. Агарда 2018 йилда 40 нафар истеъдодли талабалар ишга олинган бўлса, 2019 йилда яна 70 нафар қабул қилинди. Энг муҳими, талабалар ўз таълим жараёнларини тўхтатмаган ҳолда, параллел равишда амалий тажрибаларини ҳам ошириб боришади. Бу орқали эса улар эртанги кунлари учун мустаҳкам замин яратадилар.

Бир сўз билан айтганда, Туронбанк ёшлари билан ўтган бу сафарги учрашув ҳам ҳар томонлама фойдали ва банк ривожланишининг келгуси мақсадларини белгилаб беришда муҳим ўрин эгаллади.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 320
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech