Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Замонавий иссиқхоналарни ишга туширишда Туронбанк локомотив бўлмоқда

Янгиланган сана:  27 Январ 2020, 09:50
27 Jan 2020

Мамлакатимизда юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, одамларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Унинг натижаси эса шаҳару – қишлоқларимиздаги ўзгаришлар, аҳолининг турмиш тарзидаги янгиланишлар фонида ўз аксини кўрсатяпти. Хусусан, ички истеъмол бозорини ривожлантириш мақсадида кўп қаватли савдо марказлари қад рослаб, деҳқон бозорлардаги расталарда заминимизда етиштирилган фойдали ва хуштаъм мева – сабзавотларнинг хили ҳамда тури кўпайиб бормоқда, нарх-навонинг барқарорлиги таъминланаётир. Авваллари фақат маълум бир фаслгагина тегишли бўлган полиз маҳсулотларини бугун йилнинг исталган вақтида топиш мумкин.

photo_2020-01-22_13-50-31.jpg

Албатта, бу ишлар замирида Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва илгари сураётган ғояларининг нақадар аҳамиятли эканлигини таъкидламай иложимиз йўқ. Унда меҳнаткаш халқимизнинг тадбиркорлигини ошириш, томорқалардан унумли фойдаланиш, хориж тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда янги ва инновацион усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқдир. Бунга жавобан эса миришкорларимиз йилдан-йилга деҳқончиликка илмий асосда ёндашиб, гидропоника усулидаги иссиқхоналар, интенсив боғлар яратиш, мева-сабзавотларни сақлаш учун замонавий совитиш тизимига эга омборлар қуриш борасида энг илғор технологияларни ҳаётга татбиқ қилишмоқда.

Шундай ташаббускорлардан бири “Туронбанк” АТБнинг доимий мижози бўлган Фарғоналик ишбилармон, “Боғбон Саркор” МЧЖ раҳбари Миродил Ҳайитовдир. Вилоятнинг унумдор ерларидан фойдаланган ҳолда замонавий усулда иссиқхона ташкил этишни мақсад қилган тадбиркор экспортбоп помидор ва лимон етиштириб, аввало маҳаллий бозорни тўлдириш, сўнгра эса ташқи савдони ҳам йўлга қўйиш ниятида. Бунинг учун эса у банкнинг 880 минг долларлик молиявий кўмаги эвазига қарийб 3 гектар майдонига Хитой давлатининг айни йўналишдаги нуфузли компаниясидан илғор ускуналарни олиб келди ва 30 нафар янги ишчи билан фаолиятни бошлади. Айни пайт у ерга 60 минг дона “Pink paradise” навли машҳур помидор кўчатлари экилган бўлиб, йилига 240 тонна ҳосил олиниши режалаштирилган.

photo_2020-01-22_13-45-13.jpg

Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби компьютер технологиялари орқали бошқарилади. Турли минераллар билан бойитилган сув эса томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади. Бу эса бўш ётган майдонлардан ҳам фойдаланишда айни муддаодир. Томчилатиб суғориш тизими орқали эса озуқа эритмалари ўсимлик илдизига тўғридан-тўғри етиб боради. Тупроқдаги касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш, ерни экишга тайёрлаш, органик ўғитлар билан бойитиш, ишлов бериш, суғориш учун эгатлар очиш, бегона ўтларга қарши курашиш тадбирлари талаб қилинмайди. Сув эса 60-70 фоиз тежалади. Помидор ўсимлиги учун кундуз куни ҳавонинг ҳарорати – 19-26°С ва тунда – 15-19°С бўлиши кераклигини ҳисобга олсак, “Туронбанк” АТБ кўмагида ташкил этилган ушбу замонавий иссиқхонада бу масала муаммо бўлмаслиги аниқ.

Серқуёш заминимизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар саломатлик учун ғоят муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги, юқори сифати, экологик тоза ва хавфсизлиги, рақобатбардошлиги билан бошқа минтақаларнинг ана шундай маҳсулотлардан сезиларли даражада юқори туради. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда биз ҳам айни шу йўналишда ўз бизнесимизни йўлга қўйишга қарор қилдик ва “Туронбанк” АТБ ҳамкорликни йўлга қўйдик. Молия муассасаси ташаббусимизни қўллаб – қувватлаб бизга кўмак кўрсатди ва Хитойлик мутахассислар билан алоқага чиқиб, мана шу замонавий иссиқхонани барпо этдик. Ҳозирда ишлар аъло даражада йўлга қўйилган. Айни вақтда биз экспортбоп бўлган пушти рангли помидор кўчатларини экдик ва унинг парвариши учун барча шароитлар яратилди. Ундан сўнг эса шифобахш лимон маҳсулотини ҳам етиштиришни режалаштирмоқдамиз. Уларни асосан экспорт қилиш мақсад қилинган. Ҳозирги кунда Россия Федерацияси ва қўшни давлатлар қизиқиш билдиришмоқда, деди “Боғбон Саркор” МЧЖ раҳбари Миродил Ҳайитов.

photo_2020-01-22_13-49-54.jpg

Маълумот учун, ўтган 2019 йил якунлари бўйича “Туронбанк” АТБ томонидан 4 264 млрд. сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, шундан 598 млрд. сўми қишлоқ хўжалигига берилган. Жорий 2020 йилда эса ушбу тармоқ ривожига 1,15 трлн. сўм йўналтирилиши кўзда тутилган.

Хулоса ўринда айтиш керак, мамлакатимиз ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги ўнта етакчи давлат қаторида туради. Бугун халқимиз эҳтиёжидан ортиқча 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Бразилия, Ветнам, Индонезия, Кипр, Македония, Малайзия, Мўғулистон, Норвегия, Россия, Саудия Арабистони, Словакия, Таиланд, Хитой, Япония каби саксондан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда. Соҳада олиб борилаётган изчил саъйи-ҳаракатлар самарасида экспорт географияси кенгайиб, ҳажми тобора ошмоқда. Бу жараёнларда эса “Туронбанк” АТБ ўзининг сифатли хизматлари билан фаол иштирок этиб, мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 873
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech