Жорий йилнинг 25 июнь куни “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки Бош офисида Банк акциядорларининг навбатдаги йиллик ҳисобот умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Акциядорлар умумий йиғилишда Туронбанкнинг 2015 молиявий йилдаги фаолияти якунлари, 2016 йилда банк фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида банк Бошқаруви ҳисоботи ҳамда Тафтиш комиссияси ва банк Кенгаши ахборотлари тингланди.
Йиғилишда акциядорлар томонидан 2015 йил якунлари бўйича ташқи аудит хулосаси, банкнинг бухгалтерлик баланси, фойда ва зарарлар ҳисоби, соф фойдани тақсимлаш тартиби ҳамда умумий йиғилиш ваколатидаги бошқа масалалар ўрнатилган тартибда тасдиқланди.
Умумий йиғилишда халқаро амалиётларидан келиб чиқиб, замонавий корпоратив бошқарув услубларини ҳамда “Корпоратив бошқарув кодекси” тавсияларини жорий этиш мақсадида, банк акциядорлари томонидан банк Устави, банк Кенгаши, Бошқаруви, Тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомларнинг янги таҳрирлари ҳамда банкнинг “Ички назорат тўғрисида”ги, “Манфаатлар қарама-қаршилиги вақтида ҳаракат қилиш тартиби тўғрисида”ги, "Ахборот сиёсати тўғрисида”ги Низомлари тасдиқланди.
Бугунги кунда “Туронбанк” акциядорлик тижорат банкида замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.