Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда мамлакатимиздаги лимончилик комплексларининг умумий майдони қарийб 2 321 гектардан ошган. Бунинг натижасида йилига 63 минг тонна маҳсулот етиштирилиб, экспорт ҳажми 11 минг тоннагача етмоқда.
Албатта бу рақамлар замирида айни йўналишга қаратилган эътибор ва берилган ҳам молиявий ҳам ҳуқуқий кўмак муҳим аҳамиятга эга. Зотан бундан бир неча йиллар аввал бўш ётган ерлар ўрнида бугун тонналаб лимонлар пишиб етилмоқда.
Журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс - турда Сурхондарё вилоятидаги шу каби йирик лимон иссиқхоналарининг фаолияти ўрганилиб, машаққатли меҳнатнинг барокатли ҳосиллари кўздан кечирилди.
ОАВ вакиллари ҳудуднинг "Сариосиё", "Денов", "Жарқўрғон", "Қумқўрғон" сингари туманларида ўз лимончилик бизнесини бошлаган тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, иссиқхоналарнинг ҳусусиятларини яқиндан ўрганишди.








