Биз ҳавас қиладиган ривожланган давлатларда бадавлат инсонларнинг мавқеи қилган ҳайрияларига кўра белгиланиши маълум. Юртимизда ҳам нафақат қўли очиқ, оғир вазиятдаги беморларга ёрдам қўлини чўзадиган инсонлар, балки саховатли ташкилотлар ҳам бор. Хусусан, “Туронбанк” АТБ мунтазам равишда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга шундай кўмак бериб келади. Kun.uz сайти билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги ибратли акция ҳам шу мақсадда ташкил этилди.

Ҳар бир дард ҳам ўзича мураккаб. Аммо шундай оғир касалликлар борки, ҳар қандай инсонни гандираклатиб, кўмакка муҳтож қилиб қўяди. Республика гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот марказида айнан ана шундай оғир беморлар даволанадилар. Юртимиздаги кўплаб сахий одамлар уларнинг соғайиб кетишлари учун хайриялар қиладилар.

Биз кузатган воқелик, яъни банкнинг оз эмас, 50 миллион сўмлик дори-дармонларни бу марказда даволанаётган беморларга беғараз тақдим этиши ҳар қандай кишини тўлқинлантирмай қўймайди.

“Туронбанк” ходимлари шифохона ёки дорихона ҳисоб рақамига маблағ ўтказиш билан чекланиб қолмай, ўзлари шифохонага бевосита ташриф буюриб, беморлар ҳолидан хабар олдилар ва дори-дармонларни топшириш асносида улар билан суҳбатлашдилар.

Ҳар нарсада ҳикмат бор, ҳар яхшиликда ибрат! Истардикки “Туронбанк”нинг бу хайрия тадбири юртимизда фаолият юритаётган бошқа ташкилотларга, тадбиркорларга ибрат бўлса. Зеро шифохоналарда муҳтож бўлиб турганлар учун ҳар қандай кўмакнинг ўрни бор.