Бугунги кунда мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ва хорижий молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини изчил мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакат тараққиётига қаратилган йирик лойиҳаларни молиялаштириб келаётган "Туронбанк" АТБ эса бу борада яхши бир механизмни йўлга қўйиб, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаяпти. Хусусан молия муассасасининг Бош офисида ўтган учрашувда Ислом тараққиёт банки гуруҳининг (ITB) аъзоси бўлган Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда "Туронбанк" АТБ Ташқи иқтисодий фаолият департаменти мутасаддилари ва корпорациянинг бўлим менежери Аюб Аҳмед Кхан ва унинг МДҲ мамлакатлари бўйича менежери Анвар Нигматовлар иштирок этишди.
Мулоқотда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш ва бу орқали Ўзбекистон компанияларига хомашё ва бошқа товарлар импортида, шунингдек, экспорт бўйича бошқа операцияларни молиялаштириш учун қисқа муддатли кредитлар олишда кўмаклашиш каби қатор масалалар муҳокама этилди.
Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси мутахассисларининг сўзларига кўра, кичик бизнес корхоналари манфаатларига мувофиқ, савдони молиялаштиришдаги янги ечимларни излаш, ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратибгина қолмай, ички бозорда самарали бизнес муҳитини вужудга келтиради.
Шунингдек, учрашув давомида Ислом молия бозорида энг кўп қўлланилаётган «Мурабаха», «Иджара», «Мушарака» ва «Мудараба» каби қатор исломий молиялаштириш воситалари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Айтиш керак, Исломий молиялаштириш бу шиддатли равишда ўсиб бораётган бозорлардан бири бўлиб, айни пайтда 75 мамлакатда 500 га яқин банклари фаолият юритмоқда. Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси эса бу жараёнларда фаол иштирок этиб, инсонларнинг иқтисодий аҳволи ва яшаш муҳитини яхшилаш учун савдони илгари суришга ҳаракат қиляпти.