“Туронбанк” АТБ молия хизматлари бозорида доимий ривожланиб, барқарор молия муассасаси сифатида ўз обрў-эътиборини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.
Бу борада банк томонидан мижозлар учун янги, замонавий банк хизматларини таклиф этиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш йўлидаги доимий изланишлари муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тижорат банкларининг жойлардаги 70-100 нафар ходим ишлайдиган филиаллар ўрнига 10-15 нафар штатдан иборат ихчам “Банк хизматлари марказ”ларини кўпайтириш лозимлиги ҳақида алоҳида таъкидланган эди.
Мазкур вазифа ижросини таъминлаш борасида барча тижорат банклари сингари “Туронбанк” АТБ томонидан ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунда банкнинг 20 та филиали, 38 та минибанки, 23 та валюта айирбошлаш шохобчаси, 38 та универсал кассаси, 14 та халқаро пул ўтказмалари шохобчалари ва 26 та коммунал ва махсус кассалари орқали 23 минг нафардан зиёд юридик ҳамда 600 минг нафардан зиёд жисмоний шахсларга кенг кўламли банк хизматларини кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга аҳолига қатор қулайликлар яратиш мақсадида инновацион хизматларни жорий этиб республикамизнинг барча ҳудудларида 24/7 тизимида фаолият юритувчи “Автоматлаштирилган тўлов марказ”лари ишга туширилди. Бу каби хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда Президентимиз топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида яқинда пойтахтимизнинг Яшнобод туманида “Яшнобод” ҳамда Шайхонтохур туманида “Шайхонтохур” банк хизматлари маркази ишга туширилди.
Ушбу марказлар шу ҳудуд аҳолиси учун қулай бўлган манзилда бунёд этилган бўлиб, замонавий мебеллар ва коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Унда юридик ва жисмоний шахсларга кенг кўламли банк ва консалтинг хизматлари кўрсатилиш йўлга қўйилди. Хусусан, жисмоний шахслар учун микроқарз, овердрафт ва бошқа кредитларни расмийлаштириш, пластик карточка ва ҳисоб рақам очиш, омонатни расмийлаштириш, барча турдаги тўловлар ҳамда халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш, валюта айирбошлаш имконияти яратилган.
– Марказимизнинг аҳоли гавжум ҳудудда жойлашганлиги биз учун ҳам маҳаллий фуқаролар учун ҳам қулайлик туғдиради. Банк учун мижозлар билан яқинроқ бўлиш ва кенгроқ хизмат кўрсатиш имконини берса, аҳоли учун марказ орқали барча банк хизматларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради. Бундан икки томон ҳам манфаатдордир. Айни дамда марказларимиз кунига 200 нафардан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатади. Қолаверса, банкомат ва автоматлаштирилган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи киоскалар ҳам доимий равишда эл хизматида, – дейди “Туронбанк” АТБ Шайхонтохур банк хизматлари маркази бошлиғи Умаров Комилжон Эркинович.
Қайд этиш жоизки, “Туронбанк” АТБ томонидан босқичма-босқич бундай марказлар барча ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган.