II Халқаро молия-банк форумида Туронбанк 2 та йирик шартнома имзолади!
Хабарингиз бор, пойтахтимизда МДҲга аъзо давлатларнинг II Халқаро молия-банк форуми бўлиб ўтди. Унда маҳаллий тижорат банклар ва биржалар масъуллари, молия бўлимлари, банк бирлашмалари ва уюшмалари, суғурта ва қайта суғурталаш ташкилотлари, лизинг компаниялари вакиллари, шунингдек, Европа, Осиё, ва МДҲга аъзо давлатларнинг инновацион ва инвестиция компаниялари раҳбарлари иштирок этдилар.
Форумда асосан молия-банк тизими, суғурта ва қимматли қоғозлар соҳасида устувор интеграция лойиҳалари билан танишиш, рақамли иқтисодиёт соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқилиб, Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантириш юзасидан фикрлар алмашилинди. Шунингдек, «МДҲ мамлакатлари ўртасида янги сармоявий имкониятлар», «Чегарасиз Финтех. Рақамли Евросиё», «Суғурта ва қайта суғурталаш бўйича XII-Тошкент халқаро конференсияси» каби мавзуларда ҳам бир қатор сессиялар бўлиб ўтди.
Куннинг иккинчи қисмида эса мамлакатимизда фаолият олиб бораётган тижорат банклари хорижий компаниялар билан ҳамкорлик бўйича қатор шартнома ва меморандумларни имзолашди. Хусусан, “Туронбанк” АТБ "Тошкент вилоятида Пскем ГЭС қурилиши" лойиҳаси бўйича “ВЭБ.РФ” Давлат тараққиёт корпорацияси билан умумий қиймати 63,8 млн. евро миқдоридаги ўта муҳим инвестицион битимни имзолади. Бу маблағлар Тошкентнинг шимоли-шарқидан 120 км масофада, Чорвоқ сув омборидан эса 45 км тепаликда жойлашган ҳудудда йирик Пскем ГЭС объектини қуришга йўналтирилади. Бу мажмуа орқали йилига 950 млн. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эришилади.
Қолаверса, шу куннинг ўзида “Туронбанк” АТБ Россия Федерациясининг «Транскапиталбанк» ОАЖ банки билан ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб – қувватлаш йўналиши бўйича 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиясини ажратиш бўйича ўзаро ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бу мижозларга айланма маблағларни тўлдириш ва уларнинг савдоларини молиялаштириш имкониятини беради.