“Ислом дарча”си ташкил этилади!

Бугун мамлакатимизда ишбилармонларга яратиб берилаётган шароитларни, ўтган йиллар билан солиштириб бўлмайди. Таклиф этилаётган иқтисодий – ижтимоий хизматларнинг ранг – баранглиги, хорижий кредит линиялари ва инвестициялар оқимининг кўпайгани, соғлом бизнес муҳитининг шаклланишига туртки бўлмоқда. Айниқса, юртимиз аҳолисининг катта қисмини ислом динига эътиқод қилувчи фуқаролар ташкил этишини инобатга олсак, уларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда шариат қоидалари мувофиқ келувчи банк маҳсулотларини тақдим этиш зарур саналади. Замонавий трансформация жараёнларини бошдан ўтказаётган Туронбанк айни шу йўналишда доимий ва ишончли ҳамкори бўлмиш Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан навбатдаги муҳим шартномани имзолади. Унга кўра, энди Туронбанка “Исломий дарча” тамойили асосида Ислом банкчилиги тизимини жорий этиш бўйича маслаҳат бериш ва ушбу тизимни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича ишлар бошланди. 

DSC02035.jpg

Бутунжаҳонда кутилмаган пандемия ҳали – хануз сақланиб қолаётганлиги сабабли хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси раҳбари жаноб Айман Амин Сежиний ва уларнинг жамоаси билан учрашув ҳамда “Ислом дарча”си очиш бўйича шартнома онлайн шаклда, видеоконфернц алоқа кўринишида ўтказилди.

IMG_7696.jpg

“Сизга маълумки, сўнгги 4 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиёти, айниқса, банк тизими халқаро ҳамкорлар билан ишлаш масаласида очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ривожланмоқда. Бунда албатта, Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташқи сиёсат йўналишида олиб бораётган саъйи – ҳаракатлари, хусусан, Саудия Арабистони билан турли соҳаларда мустаҳкамланиб бораётган алоқалар муҳим аҳамиятга эга” деди “Туронбанк” АТБ Бошқарув Раиси Чори Мирзаев. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 декабрдаги “Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора – тадбирлари тўғрисида” ги ва 2019 йил 5 мартдаги “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари айни ислоҳотларга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиз президентининг 2020 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳам “Ислом молиясининг ҳуқуқий асосларини яратиш вақти келди” деб айтган ташаббуси ҳам ушбу соҳанинг мамлакатимизда жуда муҳимлиги ва иқтисодиёт ривожида ўрни жуда юқорилидан дарак беради.

DSC02028.jpg

Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси раҳбари жаноб Айман Амин Сежинийнинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистон аниқ режа асосида тараққиётнинг янги босқичини бошдан ўтказмоқда. Деярли барча соҳаларда хориж тажрибаси асосида иш юритувини ташкил этиш, айниқса, иқтисодий тармоқнинг ривожланишида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилаяпти. Ишбилармонларга яратилаётган шароитлар, мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиялаштириш тизими такомиллашаяпти.

IMG_7715.JPG

“Фикримнинг исботини бугун биз яқин ҳамкоримиз бўлмиш “Туронбанк”АТБ билан имзоланган муҳим ҳужжат ҳам исботлайди. “Исломий дарча” кўплаб ўзбек тадбиркорлари ва аҳолисининг қизиқишларини орттириб, молия муассасасига ҳам катта фойда олиб келишига ишонамиз. Ҳамкорлигимиз доирасида шариат талаблари асосида янги банк маҳсулотларини яратиш, мижозлар билан ишлаш, бу борада замонавий ахборот технологияларини жалб этиш, ходимларнинг айни йўналишдаги билимларини ҳам амалий ҳам назарий жиҳатда оширишга яқиндан кўмак беришга тайёрмиз. Зеро, бу орқали икки томонлама муваффақиятли ҳамкорлигимиз, стратегик шерикликнинг бир ифодаси сифатида ҳам гавдаланади” деди Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси раҳбари жаноб Айман Амин Сежиний.

1.jpg

Дарҳақиқат, “Туронбанк” АТБда “Ислом дарча”сини ишга тушиши бўйича тайёргарлик ишлари ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда биргаликда қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришга туртки бериши шубҳасиздир. Бунинг натижасида банк томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайиб, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш, Исломий тамойилларга асослаган чакана ва корпоратив маҳсулотларни таклиф этувчи инструментни яратиш имкони пайдо бўлади. Маълумот ўрнида айтиш керак, Туронбанк Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан 2019 йили Жидда шаҳрида 10 млн. АҚШ долларлик “Кичик ва ўрта бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш” тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. Унинг доирасида кўплаб корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари оширилиб, янги иш ўринлари яратилди.

DSC02043.jpg