Туронбанк савдони молиялаштириш бўйича Осиё тараққиёт банки билан икки томонлама шартнома имзолади!

3.jpg

Бугун мамлакатимизда ишбилармонларга яратиб берилаётган шароитларни, ўтган йиллар билан солиштириб бўлмайди. Таклиф этилаётган иқтисодий – ижтимоий хизматларнинг ранг – баранглиги, хорижий кредит линиялари ва инвестициялар оқимининг кўпайгани, соғлом бизнес муҳитининг шаклланишига туртки бўлмоқда. Замонавий трансформация жараёнларини бошдан ўтказаётган Туронбанк айни шу йўналишда доимий ва ишончли ҳамкори бўлмиш Осиё тараққиёт банки билан мана 5 йилдирки самарали ишлаб келяпти. 2017 йилда қўйилган мустаҳкам алоқалар натижаси ўлароқ ҳозирга қадар “Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик”, “Агрологистика”, “Мева - сабзавотчилик” каби иқтисодиётнинг ўнлаб муҳим тармоқлари ривожига қаратилган 200га яқин лойиҳаларга 100 млн. АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилди.

4.jpg

Жорий йилнинг 21 июль куни Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонасида ўтган тадбирда навбатдаги савдони молиялаштиришга қаратилган янги шартнома бўйича ўзаро ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Унда Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Энрико Пинали ва “Туронбанк” АТБ Бошқарув раиси Чори Мирзаев иштирок этишди.

1.jpg

Таъкидланганидек, мазкур икки томонлама шартнома мижозларнинг экспорт - импорт амалиётларини Осиё тараққиёт банки қопламаси остида тўғридан - тўғри молиялаштириш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Бу ўз ўрнида фоизли ҳаражатларни сезиларли даражада камайтириб, кредит расмийлаштириш жараёнларини осонлаштиради. Туронбанкнинг “Савдони молиялаштириш ва таъминот занжири” дастурига қўшилиши эса тармоқларда қўшимча қиймат яратаётган экспортёр корхоналарни қўллаб – қувватлашни янада ривожлантириш ва уларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга кўмаклашиши билан аҳамиятлидир.

2.jpg

Маълумот учун:

Осиё тараққиёт банки(ОТБ) Осиё-тинч океани минтақасидаги ривожланиш лойиҳаларини узоқ муддатли кредитлаш билан шуғулланувчи давлатлараро йирик молия институтларидан бири саналади. Унинг асосий мақсади, Осиё ва Тинч океанининг ривожланаётган мамлакатларида иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни рағбатлантиришдан иборат. Ўзбекистон ушбу йирик молиявий институт лойиҳаларида 1995 йил август ойидан буён иштирок этиб келмоқда. Ҳозирга қадар мамлакатга 10,4 млрд. доллар миқдорида кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўрсатилган. ОТБнинг 2019-2023-йилларга мўлжалланган асосий стратегик йўналишларидан бири бу хусусий секторни ривожлантириш орқали мамлакатни жонли ва инклюзив бозор иқтисодиётига ўтишига кўмаклашишдир.