Ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимизга кириб келаётган хорижлик инвесторлар оқими сўнгги вақтларда сезиларли даражада ошмоқда. Уларнинг талабига жавоб бериш баробарида, кучли рақобат муҳити шаклланган айни пайтда банклар ҳам ўз иш услубини ўзгартиришга, мижозлар хоҳиш – истакларини тўлиқ қондиришга, янги инновацион хизматларни жорий этишга ҳаракат қиляпти. Бир сўз билан айтганда, молия муассасаларида замонавий трансформация жараёнлари бошлаб юборилган. Бунда асосий эътибор, корпоратив маданият ва мижоз билан бўлган муносабатларни хориж тажрибаси асосида янада яхшилаш, ходимларнинг билим ва кўникмаларини доимий тарзда такомиллаштириб бориш, ўз устиларида ишлашлари учун шароит яратиш сингари қатор муҳим жиҳатларга қаратилади. Ўз фаолиятига шу каби ўзгаришларни жорий этаётган “Туронбанк” АТБ учун ҳам умумий персоналнинг профессионал тайёргарлиги, трансформация жараёнидаги энг дастлабки масаладир. Айни шу мақсадда банк раҳбарияти тажрибали экспертлар иштирокида бир ҳафталик махсус ўқув – тренингни ташкил этди.
Интеллектга инвестиция киритишни ўзининг кечиктириб бўлмас вазифасига айлантирган банк бошқаруви йил 12 ой давомида ходимларнинг касбий тажрибаларини ошириб, халқаро амалиётдаги янгиликлар билан уларни батафсил таништириб боришади. Ҳар сафар маълум бир мавзу атрофида оддий мутахассисдан тортиб раҳбарларгача жамланади, фикр – мулоҳазалар алмашилинади, мавжуд муаммоли масалалар очиқ ва конструктив рухда ўрганилади. 2021 йилнинг 18-23 январь кунларига белгиланган навбатдаги ўқув – тренинг ҳам шаклланган мазкур фойдали анъананинг узвий давоми бўлди десак адашмаган бўламиз. Унда “Туронбанк” АТБ тизимида фаолият олиб бораётган 20 та филиал бошқарувчилари ва банк департаментлари раҳбарлари иштирок этишди. Мавзу эса “Мижозларга хизмат кўрсатишда муваффақиятни қандай кафолатлаш”.
Creative Financial Solutions консалтинг компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тренингни тажрибали халқаро менторлар Михаил Вишняков ва Марат Раҳисовлар икки гуруҳга бўлган ҳолда қуйидаги йўналишлар бўйича олиб боришди. “Фаол менежерлик маҳорати”, “Мижозлар билан ишлар стратегияси”, “Муомала маданияти”, “Қалтис вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш қобиляти”, “Стресс менежмент”, “Фойдали хизмат кўрсатиш қоидалари”, “Лидерлик кўникмалари”, “Time менеджмент” шулар жумласидандир. Аҳамиятли жиҳати шундаки, машғулотлар интерактив усулда турли ҳил дидактик материаллар ёрдамида ўтказилиб, иштирокчиларнинг фаоллигини ошириш мақсадида тест синовлари, амалий топшириқларга бой бўлди.
“Доим ҳам Республика миқёсида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз билан бир даврада ўтириш, ўзаро фикр алмашиб, дўстона алоқаларимизни янада яқин йўлга қўйиш учун имконият бўлавермас эди. Тренинг машғулотлари бошлангани, айнан шу томонлама бизга фойдали бўляпти. Биз ўз тажрибамиз ва назарий билимларимизни ошириш баробарида жамоавий рухиятни ҳам тикламоқдамиз. Банкимиз ривожи йўлида амалга ошириш учун ўзимизга йўл – хариталари ва аниқ режаларни тузяпмиз. Бундан ташқари, бизнес мураббийлар бизга вақтни тўғри сарфлаш, самарадорликка эришишда психологик машғулотлардан фойдаланиш, ҳар бир мижоз билан унинг феъл – атвори ва қадриятидан келиб чиққан ҳолда иш олиб бориш каби кўплаб мавзуларда тушунчаларни беришмоқда. Шахсан менга “Time менеджмент” йўналиши ва афзалликлари жуда ҳам маъқул келди. Келгусида ўз иш фаолиятимда ушбу методларни қўллаб кўришга ҳаракат қиламан”деди “Туронбанк”АТБ Юнусобод филиали бошқарувчиси Дилмурод Рўзибоев.
“Одатда чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар билан ишлаш, уларга янги банк маҳсулотларини етказиш, шаҳарникидан бироз мушкулроқдир. Шу сабабли кўп ҳолларда қалтис вазиятлар ва стресс жараёнларини бошдан ўтказишга тўғри келади. Бугунги бошланган тренингда менга айнан бундай вазиятларда қандай йўл тутиш бўйича берилган тушунча жуда ҳам ёқди. Яъни “Стресс менежмент” йўналиши. Унда мураббийлар асабий вақтларда ўзини бошқариш, унинг салбий ва ижобий оқибатлари, психологик машқлар орқали бу вазиятдан чиқиш, позитив фикрлаш каби жиҳатлар ҳақида маълумот бериб, релаксацион ва нафас машқларини ўргатишди. Ўйлайманки, бундай тренинглар бизнинг келгуси фаолиятимизда жуда ҳам қўл келади. Ҳамкасблар билан бўлган муносабатларимизни яхшилайди” деди “Туронбанк” АТБ Урганч филиали бошқарувчиси Сарвар Жуманиязов.
Агарда айни вақтда “Туронбанк” АТБ 19 мингга яқин юридик ва 780 мингдан зиёд жисмоний шахсларга ўзининг 20 та филиали, 72 та банк хизматлари офислари орқали тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиб келаётганини инобатга олсак, бу каби ўқув – тренингларининг ўтказилиши жуда ҳам муҳимдир. Сабаби, ҳар бир мижознинг мурожаати бу энг аввало унинг фаровонлиги ва эҳтиёжларининг тўлиқ қондирилиши далолатидир. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Мижозлар банк учун эмас, банклар мижоз учун ишлаши керак”. Тренинг якунида барча иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.