Туризм давлатимиз иқтисодиётининг стратегик секторига айланиб улгурган. Бу соҳани ҳар томонлама ривожлантириш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсдадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир вилоятнинг туристик салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда, саёҳат учун қулай масканлар ташкил этиляпти. Ўз навбатида, туризм соҳасида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар учун ҳам кенг имкониятлар эшиги очилиб улар қўллаб-қувватланмоқда. Жорий йилнинг 19 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган “Мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги видеоселектр йиғилишининг баёни ҳамда “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшима чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун кредит маблағлари ажратилаётганлиги бунинг яққол мисолидир.
Бу соҳа ривожига ҳисса қўшиш мақсадида Туронбанк томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти Паркент туманининг ички ва ташқи туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 1,2 млрд сўмлик оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш учун 2та лойиҳа доирасида 530 млн сўм қийматидаги кредит маблағлари йўналтирилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, ҳозирги кунда бу йўналишдаги яна бир қатор лойиҳалар кўриб чиқилмоқда, улар учун ҳам маблағлар ажратилиб тез орада янги оилавий меҳмон уйлари ҳамда туристик масканлар ташкил этилади.
Албатта бу ишларнинг самараси ўлароқ йилдан йилга мамлакатимизга келаётган сайёҳлар оқими ҳам ортиб бормоқда, Туронбанк эса бу соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.