Туронбанк ва ТДИУ ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди!
Ҳеч кимга сир эмас, бугунги глобал рақамлаштириш даврида ҳар қайси соҳа ривожи учун илғор қарашлар, янгича ғоя ва юқори самарадорликка эга рақобатбардош кадрлар муҳим аҳамиятга эга. Технологиялар қанчалик тараққий этмасин, меҳнат бозорида фаол интеллектли, яхши билим даражаси ва АКТ саводхонлиги, жамоада ишлаш ҳамда ностандарт қарорларни қабул қилишга қодир ёшларга доим талаб юқори. Хўш, уларни қаердан излаш керак, бунинг учун қандай замонавий ёндашувларни қўллаш лозим?
Мана масалан, Туронбанк тажрибасини олайлик. Айни вақтда молия муассасасида фаолият олиб бораётган умумий персоналнинг қарийб
38 фоизини ёшлар ташкил этади. Қолаверса, молия ва иқтисодиёт йўналишидаги ОТМларда таълим олаётган талабаларнинг кўп қисми ўқиш давридаёқ банкда ҳам амалиёт ҳам фаолият бошлашади. Бунинг сабаби эса Туронбанк бошқаруви томонидан ўғил – қизларнинг ривожланиши учун берилаётган тўғри мотивациядир.
Алабатта, бу борада Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетининг салмоғи юқори. Мазкур таълим муассасасидан етишиб чиқаётган кадрлар банк ривожига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Хусусан, айни вақтда фаолият олиб бораётган ёшларнинг 218 нафари, 2018 – 2022 йилларда ишга қабул қилинган 250 нафар талабаларнинг 29 таси ТДИУга тўғри келмоқда. Уларнинг орасида департамент директори ва бошқарма бошлиқлари, хаттоки раис ўринбосари лавозимида ишлаётганлар ҳам мавжуддир.
Яқиндагина жорий этилган “Туронбанк стипендияси” лойиҳаси доирасида танлаб олинган 100 нафар иқтидорли ўғил – қизларнинг 19 нафари ҳам айни шу олий таълим муассасаси талабаларидир. Жорий йилнинг 4 октябр санасида бўлиб ўтган “Икки авлод учрашуви” тадбири ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда университет талабалари банк бошқарув раиси билан очиқ мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, таклиф ва ташаббуслари билан ўртоқлашишди.
Самимий ва қизғин суҳбат давомида Туронбанк ва университет ўртасида имзоланадиган ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумининг мазмун моҳияти, у орқали ёшларга яратиладиган моддий ва маънавий шароитлар, натижада уларни муқим иш билан таъминлаш каби эзгу мақсадлар ҳақида фикр билдирилди. Шунингдек, “Туронбанк стипендияси” лойиҳасига қамраб олинган, ОТМга энг юқори балл тўплаб ўқишга қабул қилинган 100 нафар иқтидорли ёшларга нафақат стипендиялар берилиши балки уларнинг тўлов-контракт пуллари ҳам тўлиқ қопланиши бўйича маълумотлар берилди. Ёшларга катта қизиқиш уйғотган яна бир жиҳат бу мазкур стипендия соҳиблари ўқиш даврининг 3-босқичидан бошлаб бевосита банкнинг ўзида малака оширлари бўлди. Бу орқали улар назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлаб, қўшимча даромадга эга бўлиш ва энг муҳими ўзлари учун аниқ иш жойини таъминлаш имкониятига эга бўладилар.
“Бундай манфаатли лойиҳаларимиз ҳали жуда ҳам кўп бўлади, сизлардан эса фақатгина сифатли билим олиш ва ўз устингизда доимий ишлашни сўраб қолардик” дея ўз сўзини якунлади “Туронбанк” АТБ бошқарув раиси Чори Мирзаев. Тадбир якунида “Туронбанк стипендияси” соҳибларига махсус сертификатлар топширилиб, Туронбанк ва ТДИУ ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.