Бугун глобал дунёда ўзгаришлар билан боғлиқ бўлган янги муаммоларнинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда, бу ўз навбатида тизимли янгиланишни, ёшларга оид давлат сиёсатининг вазифалари ва механизмларини ишлаб чиқишни талаб қилмоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама ривожлантириб, жамиятнинг барча соҳаларида фаол иштирок этишга жалб этиш масаласи Ўзбекистон давлат сиёсатининг диққат марказидадир.
Юртимизда 2021 йилни "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилиниши, 30 июнь Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузалари ҳамда 2022 йилги ўқув йилидан талаба-қизлар учун фоизсиз таълим кредитларининг ажратилиши, шу билан бирга жорий йилнинг 4 март кунидаги видеоселектр йиғилишида барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилиши мамлакат раҳбариятининг келажак авлодга бўлган ишончи, шунингдек ёшларнинг ўзини англаши, мукаммал билимларни эгаллаб ривожланиши учун шароит яратишга бўлган муносабатини яққол намойиш этади.
Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсади ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёш истеъдодларнинг кучли салоҳиятини тўла-тўкис амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборатдир. Бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда бугун Ўзбекистон ёшлари турли соҳаларда юқори чўққиларни забт этмоқда.
«Туронбанк» АТБ мисолида олиб қарайдиган бўлсак, бугунги кунда банкда фаолият олиб борадиган жами ходимларнинг деярли 38 фоизини ёшлар ташкил этиб, улар орасида бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиб ҳам ишлайдиган ёшлар жуда кўп. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Туронбанк биринчилардан бўлиб битирувчи курсларда таҳсил оладиган талабаларни махсус тест синовлари ва шахсан банк Бошқарув раисининг суҳбатидан ўтказиб, ишга жалб қилиш тизимини йўлга қўйган. Уларнинг ишлаши ва таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида шарт-шароитлар яратилган. Бундай ёшларнинг қарийб 300 нафари бугунги кунда банкда фаолият кўрсатмоқда.
2022 йилдан бошлаб эса, “Туронбанк” АТБ яна бир ажойиб ишга қўл урди. Билимга чанқоқ ва интилувчан ёшлар учун “Туронбанк Стипендияси” лойиҳаси жорий этилди. Республикамиздаги олий таълим муассасаларида (Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, Молия институти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва бошқалар) иқтисодиёт йўналиши бўйича энг юқори балл тўплаб ўқишга қабул қилинган 100 нафар талаба мазкур стипендияга номзод сифатида таклиф этилди. Иқтидорли ёшлар Туронбанк Бошқарув раиси Чори Мирзаев билан учрашди. Учрашув давомида банк бошқарув раиси номзодлар билан танишиб улар билан суҳбатлашди. Уларга, стипендияни қўлга киритиш орқали тақдим этиладиган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Мазкур ҳайрли ишнинг ажойиб томони шундаки, стипендиядан ташқари шартнома асосида таҳсил оладиган талабаларнинг контракт суммалари тўлаб берилади. Биринчи ва иккинчи курсларда стипендия соҳибларининг фақатгина билим олишлари учун барча шароитлар яратилади, 3 курсдан бошлаб «Туронбанк» АТБда меҳнат фаолиятини бошлаш имконияти яратилади. Шу билан бирга улар доимий Туронбанк эътиборида бўлиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, молия муассасаси томонидан ўтказиладиган турли тадбирлар ва семинарларда иштирок этиб, таътил вақтларида бемалол банкда иш ўрганиш имкониятига ҳам эга бўлишади. Ўқишни тамомлаганимдан кейин қаерда ишлайман? - деган савол уларни қийнамайди. Шунинг учун ҳам улар ўзларининг бор диққат эътиборларини билим олишга қаратади, бундай ёшлар эса албатта етук мутахассис даражасига кўтарилиши ўз навбатида банк ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиши аниқ.
Хориж тажрибасига ҳам назар солсак кўплаб мамлакатларда касбий тайёргарлик бўйича давлат идоралари ва таълим муассасалари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мисол учун Сингапурда иқтидорли кадрларни жалб қилиш мақсадида давлат фуқаролик хизмати соҳасида меҳнат фаолиятини бошлашга қарор қилган энг яхши ўрта мактаб битирувчиларига давлат грантлари ажратилади. Грант совриндорлари тўрт йиллик бошқарув менежментини ривожлантириш мутахассислиги бўйича дастур орқали тегишли таълим олишади. Аммо, ёш мутахассис, агар 35 ёшга қадар, масалан, вазир ўринбосари бўлишлиги имкониятини намойиш этмаса, у ушбу ҳолатларда давлат хизматидан кетиши тавсия этилади.
Албатта, келажак учун киритилган сармоя ўзининг ижобий натижасини беради. Чунки эртанги кунимиз ва унинг фаровонлиги бугунги ёшларимизнинг қандай инсон бўлиб вояга етишига боғлиқ. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев айтганларидек “Бизнинг асосий вазифамиз ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шарт шароитлар яратишдан иборатдир.”